ЯНГИ ҚОНУН КУЧГА КИРАДИ

2017 йилнинг 8 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ўзбекистон Республикасининг «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуни имзоланди.

Ушбу Қонуннинг мақсади болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. 6 боб, 27 моддадан иборат ушбу ҳуқуқий ҳужжатнинг амал қилиши илмий, илмий-техникавий, статистик ахборотни ўз ичига олган ёки жамият учун тарихий, бадиий ёхуд ўзгача маданий қимматга эга бўлган ахборот маҳсулотининг айланиши соҳасидаги муносабатларга татбиқ этилмас-лигини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.

Мазкур Қонуннинг 2-бобида белгиланганидек, болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишга доир фаолиятни амалга оширувчи ҳамда ушбу фаолиятда иштирок этувчи органлар ва ташки-лотлар тизимига қуйидагилар киради:

-болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи;

-вояга етмаганлар ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) идоралараро комиссиялари;

-маҳаллий давлат ҳокимияти органлари;

-таълимни давлат томонидан бошқариш органлари ва таълим муассасалари;

-давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилмаган органлар ва ташкилотлар болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда иштирок этиши белгиланган.

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кун (2017 йил 8 сентябрь) дан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.

Мухтор МАМАЖОНОВ,

Бош прокуратура ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚК департаментининг туман бўлими катта инспектори.