ОЛИҲИММАТЛАР

«Қашқалдоқ Беруний» СИУ ҳудудидаги «Санжар зиё нур» фермер хўжалиги пахтазорларидамиз. 13,3 гектар майдонда пахта етиштирган Фозилжон Раҳмонов бошчилигидаги жамоа лафзи ҳалоллари ҳосилни қисқа муддатларда йиғиштириб олиш учун барча чораларни кўришган. Хўжалик пахтазорига етиб келганимизда халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Нуриддин Улуғхўжаев бизга пешвоз чиқди.

-Пахта терими бошлангандан буён даладамиз, -дейди Нуриддин ака. -Чўртук маҳалласидаги нуронийлар, уюшмаган аҳоли вакилларини тўпладик. Уларга тўғри тушунтирдик. Ишламаётган ёшларимизни ҳам жамладик. Мавсум давомида пахтакору  ҳашарчиларга яратиладиган шароитлар, терим пулларининг ўз вақтида берилиши ҳақида тарғибот ишларини олиб боряпмиз. Бу кунлик теримда қатнашадиганлар сонининг ортишига хизмат қиляпти. Олди теримда беш кунлик якуни бўйича 400-500 минг сўмдан нақд пул олганлар бўлди. Ҳозирга келиб тарозининг устида 500 сўмдан нақд пул бериляпти. Ҳашарчилар учун ҳамма шароитлар яратилган. Биз, депутатлар нафақат назорат қилиш, балки терим намунали ташкил этилиши учун ҳар бир ортяд, фермер хўжалиги раҳбари билан ҳам узвий алоқа ўрнатганмиз. Айниқса, теримда маҳалламиз нуронийларининг фаолликлари мақтовга сазовор.

24-Чўртук сайлов округидан туман Кенгашига сайланган депутат Нуриддин Улуғхўжаев халқ ишончини қозонган депутатлардан. Бундан бир ойча аввал ҳудуддаги 32-сонли қишлоқ оилавий поликлиникасининг таъмирланиб, замонавий шарт-шароитлар яратилишига ҳисса қўшган, бу эзгу иш бошида турган фидойилардан бири. Пахта мавсуми бошланиши билан яна у ташаббусни қўлга олди. Атрофидаги барча фаоллар, Чўртук маҳалласидаги обрў-эътиборли фахрийлар билан теримга чиқиб, фермерларга яқиндан кўмак беряпти.

-Ўн беш нафар нуроний ҳар куни теримга чиқиб, қўлимиздан келганча пахта теряпмиз. Ахир «Арғамчига қил мадор», -дейишади-ку. Озгина бўлса ҳам «оқ олтин» хирмонига ҳиссамиз қўшилса, шундан мамнунмиз, -дейди биз билан суҳбатда оқсоқоллар гуруҳи етакчиси Сайдулло ота Абдуллаев.

Хайрли ташаббус туманимиз бўйлаб кенг ёйилди. Н.Абдуллаев СИУ ҳудудидаги «Мирзаравот толаси» фермер хўжалигидамиз. Фермер Ойбек Раҳмонов теримда қатнашаётган нуронийлар, ҳашарчиларнинг ҳимматидан мамнун бўлиб, уларни руҳлантираётган экан.

-Сизларнинг ёрдамингиз билан 70 тоннадан ортиқ пахтани териб олдик. Яна биринчи терим пахтамиз турибди. Ҳосилни тезроқ йиғиштириб олсак, режани бажарсак, катта тўй қиламиз, -дейди фермер.

-Қўчқорбой Йўлдошбоев, Отахон Хўжаев сингари фахрийларимиз теримда ёшларга ибрат бўлишяпти,- дейди Исломобод МФЙнинг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Малоҳат Собирова. -Туман Кенгаши депутати, жамоатчилик штаби аъзоси Муҳаммаджон Зайниддинов доим биз билан ёнма-ён. Ҳар куни теримга қўшимча одам жалб этяпмиз.

Навоий МФЙ раиси Дилбархон Умрзоқова бошчилигидаги бир гуруҳ фахрийлар Шарифжон Турғунов раҳбарлигидаги «Қумтепа ниҳоли» фермер хўжалигига кўмакка келишганига бир ҳафтадан ошди. Мусахон Луқмонхўжаев, Зулфия Тўраева, Камолиддин Абдураҳмонов, Одилжон Исмоилов, Шарифжон Абдуллажанов, Мастура Охунова, Раҳима Қирғизова каби нуронийлар, маҳалла фаоллари 25 тоннага яқин пахта териб беришибди. Бу хушхабардан дарак топган Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлинмаси раиси Тоҳиржон Исматиллаев, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси раиси ўринбосари Абдимуталли Нажмиддиновлар пахтазорга ташриф буюриб, уларни «Халқаро кексалар куни» билан табриклашди ва совғалар топширишди.

Муқаддас Халилова, Адиба Дадабоева бошчилигидаги отряд ҳашарчилари ҳам теримда олд ўринларда боришяпти. Овчибулоқ, Файзиобод, Ёркатай, Янгичек МФЙларидан чиққан ҳашарчилар Комилжон Турғунов, Наима Холбоева, Раҳима Убайдуллаева, Орзухон Дадамирзаева, Адолат Абдуллаева, Нозирахон Хўжаевалар барчага ўрнак бўлиб, энг кўп пахта теришди. Туман прокурори Жобирхон Азимов терим илғорларини рағбатлантириб, «Шокиржон ота Мирзаев» фермер хўжалиги раҳбари Назирахон Адашбоева бошчилигидаги жамоанинг ҳар бир аъзоси фидойилик билан ишлаганини алоҳида эътироф этди. Қолаверса, теримчи-ю ҳашарчиларга яратилган шарт-шароит учун фермерга миннатдорчилик билдирди.

Туман маданият ва аҳоли дам олиш марказининг «Тарона» ашула ва рақс халқ ансамбли хонандаси Авазбек Насриддинов ижросида янграган қўшиқлар ҳашарчиларга шижоат бағишлади.

Муҳаммад АЛИ.