ЭГРИ ЙЎЛДАН ҚАЙТМАГАН ЎҒРИ
Жамиятимизни турли унсурлардан тозалашда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни батамом тугатиш айни муддао бўларди. Афсуски, ушбу эзгу мақсад ҳар қандай давр, макон ва замон учун ҳозирча орзу бўлиб қолмоқда.
Баъзан ўйлаб қоласан киши. Ҳеч ким жамиятдан айро ўсиб улғаймайди. Ҳаммага бир хил шароит яратилган, бир маҳалла, мактабда, устоз-мураббийлар қўлида тарбияланади. Аммо вояга етгач, икки синфдошнинг бири энг олий мақсадлар йўлидан бориб, иккинчиси тубанлик сари шўнғишга ҳозирланаётганини кўриб, ёқа ушлайсан.
Қаҳрамонимиз Д.Ю.нинг қўл урган ўғрилик жиноятини таҳлил эта туриб, беихтиёр, юқоридаги фикрлар ўй-хаёлимдан ўтди.
Д.Ю. авваллари ҳам ўғриликка қўл урган ва қилмишига яраша жазосини олиб улгурган. Аммо у бу қилмишидан тўғри хулоса чиқармади. Гўёки жиноятларининг фош бўлишида шериклари айбдор бўлди чоғи, бу гал ўғриликка танҳо ўзи қўл уришга қарор қилди.
Уйчи шаҳарчаси марказидаги квартиралардан бирини «нишон»га олиб, эгаси Ф.Л. йўқлиги пайтида хонадонга дераза орқали кирди. Ошхонадаги «Аристон» русумли сув иситкични ўғирлаб чиқиб кетди. Ушбу буюмни арзон баҳо – 300 минг сўм эвазига пуллаб юборди.
Д.Ю.нинг бу қилмиши ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тез орада фош этилди.
Ушбу жиноий иш жиноят ишлари бўйича туман судида кўриб чиқилди. Айбланувчи Д.Ю. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддаларига асосан узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Исроилжон ОРТИҚОВ,
туман прокурорининг катта ёрдам-чиси лавозимида иш ўрганувчи.

