MEҲНАТ ТАЪТИЛ ВАҚТИДА ХОДИМНИ ИШДАН БЎШАТИШ МУМКИНМИ?
МК 215-моддасига кўра, ушбу кодекснинг 213-моддасида назарда тутилган таътилларда бўлган даврда ходимнинг иш ўрни (лавозими) сақланиб қолади ва ходим билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга йўл қўйилмайди.
Таътил даврида ходимнинг иш ўрнини (лавозимини) сақлаб қолиш ва ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган қоидалар меҳнат шартномаси:
иш берувчининг ташаббусига кўра ушбу Кодекс 161-моддаси иккинчи қисмининг 1-бандига мувофиқ;
– иш берувчининг ташаббуси билан боғлиқ бўлмаган асосларга кўра бекор қилинганда қўлланилмайди.
Демак, ходим билан тузилган меҳнат шартномасини ходим таътилда бўлган даврда умуман бекор қилиш мумкин эмас эканда, деб ўйламаслик керак. Ходим таътилда бўлган даврида меҳнат шартномасини ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси) ўз муассисларининг (иштирокчиларининг) ёки таъсис ҳужжатлари билан бунга ваколат берилган юридик шахс органининг қарори билан тугатилганлиги ёхуд якка тартибдаги тадбиркор томонидан фаолиятнинг тугатилганлиги, яъни МК 161-моддаси иккинчи қисмининг 1-бандига мувофиқ ҳамда иш берувчининг ташаббуси билан боғлиқ бўлмаган асосларга кўра, масалан, МК 132, 137, 143, 146, 156, 157, 158, 160, 168, 169-моддалар ҳамда МК ва бошқа қонунларда назарда тутилган ўзга асослар бўйича бекор қилиш мумкин.
Масалан, ходим таътилда бўлган даврида белгиланган тартибда ариза беришга ва ўз хоҳишига кўра меҳнат шартномасини таътил тугагунга қадар МК 160-моддасига кўра бекор қилишга ҳаклидир.
Муддати тугаганлиги сабабли муддатли меҳнат шартномаси 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёл билан гарчи ходим болани парваришлаш таътилида бўлсада, МК 158-моддасига кўра бекор қилинаверади. Агар шартнома 1 ҳафта ичида бекор қилинмаса, шартнома номуайян муддатга тузилган деб ҳисобланади.
Aгар аёл ҳомиладор бўлсагина, аёлнинг ҳомиладорлиги даврида муддатли меҳнат шартномасининг муддати тугаган тақдирда, иш берувчи аёлнинг ёзма аризасига биноан ва ҳомиладорлик ҳолатини тасдиқловчи тиббий маълумотнома тақдим этилган тақдирда, меҳнат шартномасининг амал қилиш муддатини ҳомиладорлик тугагунига қадар, унга ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилган тақдирда эса бундай таътилнинг охирига қадар узайтириши шарт (МК 408-моддасига қаранг).
Қисқаришга тушган ходим камида 2 ойлик огоҳлантириш муддати ичида таътилга чиқди. Таътил даврида камида 2 ойлик огоҳлантириш муддати ўтаверади, чунки ходимни огоҳлантириш муддатига ходимнинг вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврлари, шунингдек унинг давлат ёки жамоат мажбуриятларини бажарган вақти (МК 282-моддасига қаранг) киритилмайди, бундан меҳнатга оид муносабатларнинг ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси) тугатилганлиги муносабати билан тугатилиши мустасно (МК 165-моддасига қаранг).
Лекин бу ҳолатда гарчи огоҳлантириш муддати тугаган бўлсада, ходим таътилда бўлганлиги туфайли меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан яъни МК 161-моддаси 2-қисми 2-бандига мувофиқ бекор қилиб бўлмайди.
Шокиржон ДАДАБОЕВ,
туман адлия бўлими ЮХКМ бош юрисконсульти.

