ТАРИФЛАР ЎЗГАРДИ
Айрим маҳалла фуқаролар йиғинларида, ташкилот ва хусусий корхоналар томонидан қаттиқ маиший чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташланиши туманимизнинг чиройи, қиёфаси, экологик ҳамда санитария-гигиеник талаблари бузилишига олиб келяпти.
Ўзбекистон Республикаси Конститутциясининг қуйидаги моддаларида, жумладан, шундай дейилади: «Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар» (50-модда). «Мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мулкдан фойдаланиш экологик муҳитга зарар етказмаслиги, фуқаролар, юридик шахслар ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт» (54-модда). «Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир» (55-модда).
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 91-моддасида саноат, рўзғор чиқиндилари ва ўзга чиқиндиларни ташиш, жойлаштириш, утиллаштириш, кўмиб ташлаш чоғида табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузиш – фуқароларга энг кам иш ҳақининг учдан бир қисмидан бир баробаригача, мансабдор шахсларга эса бир баробаридан уч баробаригача миқдорда жарима солишга, худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилгандан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса ёхуд табиий муҳитга зарар етказилса, фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир баробаридан уч баробаригача, мансабдор шахсларга эса уч баробаридан етти баробаригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги «Коммунал хизматлар кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 194-сонли қарорининг 3-иловасига асосан қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб кетиш хизматлари кўрсатиш тасдиқланган. Бироқ белгиланган қонун-қоидаларга қатъий роия этилмаяпти.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 апрелдаги «Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги ПФ-5024-сонли Фармони, «2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-2916-сонли, вилоят, туман ҳокимларининг тегишли қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида ҳар бир оила жон боши сонини аниқлаш, ҳудуддаги идоравийлигига мансублигидан қаъти назар, барча жисмоний ва юридик шахслар шартнома асосида маиший чиқиндиларни ташиб кетиш хизматидан фойдаланиш учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли қарорига асосан бир киши 1 кунда ўртача 1,17 кг. чиқинди чиқариши кўрсатилган.
Вилоят ҳокимининг 2017 йил 28 сентябрдаги «Вилоятда қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиб чиқариш хизматини кўрсатиш бўйича янги тарифларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 688-сонли қарори билан тасдиқланган тарифга асосан жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб:
-бир киши 1 ойда ўртача 35,1 кг. қаттиқ маиший чиқинди учун 2000 сўм;
-юридик шахслар 1 м3 қаттиқ маиший чиқинди учун 30000 сўм;
-7 м3, яъни бир рейс чиқинди учун эса 210000 сўм тўлов белгиланди.
Туманимиз ҳудудидаги чиқиндиларни ташиб кетишни узлуксиз таъминлаш бўйича маҳаллалар учун график ишлаб чиқилган. Унга асосан, ҳар бир махсус техника учун биттадан ҳайдовчи, назоратчи ва иккитадан юкловчи жалб этилган. Бундан ташқари, тунги навбатчилик графиги ишлаб чиқилган ҳамда юридик ва жисмоний шахслардан бажарилган ишлар учун маблағлар ундириш бўйича ишчи гуруҳ бириктирилган.
Азиз ҳамюртлар! Атроф-муҳит қалбимиз каби соф ва беғубор бўлсин. Бунга барчамиз ўз ҳиссамизни қўшайлик.
Аҳадулла РАҲМАТУЛЛА,
вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳузуридаги «Тоза ҳудуд» давлат унитар корхонаси Уйчи филиали бошлиғи.

