ЁШЛАРГА ЭЪТИБОР – КЕЛАЖАККА ЭЪТИБОР

2016 йил 15 сентябрдан кучга қирган «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги Қонуннинг мақсади ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

Қонуннинг 4-моддасида асосий принциплар ҳақида сўз юритилган бўлса, унинг 5-моддаси ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишларига бағишланган бўлиб, қуйидагиларни ташкил қилади:

-ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш;

-ҳаёти ва соғлиғини сақлаш;

-маънавий, интеллектуал, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан камол топишига кўмаклашиш;

-ёшлар учун очиқ ва сифатли таълимни таъминлаш;

-ишга жойлаштириш ва уларнинг бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш;

-ёшларни ватанпарварлик, фуқаролик туйғуси, бағрикенглик, қонунларга, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида, зарарли таъсирлар ва оқимларга қарши тура оладиган, ҳаётга бўлган қатъий ишонч ва қарашларга эга қилиб тарбиялаш;

-ёшларни ахлоқий негизларни бузишга олиб келадиган хатти-ҳаракатлардан, терроризм ва диний экстремизм, сепаратизм, фундаментализм, зўравонлик ва шафқатсизлик ғояларидан ҳимоя қилиш;

-ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти даражасини юксалтириш;

-иқтидорли ва истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш;

-ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш;

-соғлом турмуш тарзига интилишни шакллантириш, шунингдек, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва спортни оммавий ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш;

-ёш оилаларни маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб уй-жой ва ижтимоий-маиший шароитларни яратиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тизимини амалга ошириш;

-ёшларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини рўёбга чиқариш соҳасида фаолиятни амалга оширувчи халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш.

Давлат вояга етмаганларни жазони ижро этиш муассасаларида ва ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларида сақлашда шахснинг ҳуқуқларига ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши, инсонпарварлик принципларига риоя этилишини кафолатлайди.

Вояга етмаганлар учун улар содир этган ҳуқуқбузарликнинг оғирлик даражаси ва уларнинг ёши ҳисобга олинган ҳолда жазони ижро этиш муассасаларида ва ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларида қонун ҳужжатларига мувофиқ табақалаштирилган режимда сақлаш назарда тутилади.

Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ёшлар учун қуйидагилар кафолатланади:

-бепул тиббий хизмат кўрсатилиши;

-бепул умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими олиш;

-давлат таълим муассасаларида давлат грантлари доирасида бепул олий таълим олиш;

-давлат спорт-соғломлаштириш ва маданий-маърифий муассасаларига бориш учун шарт-шароитлар яратиш;

-уй-жой қуриш, олиш ва уни реконструкция қилиш учун имтиёзли кредитлар бериш;

-таълим муассасаларида ўқиш учун имтиёзли кредитлар бериш;

-етим болаларни ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тураржойлар билан таъминлаш;

-ўрта махсус, касб-ҳунар ёки олий таълим муассасасини битирганидан кейин бандликни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар кўриш;

-меҳнат соҳасида ёшга доир ўзига хосликларни инобатга олган ҳолда имтиёзлар бериш ва ишни таълим билан қўшиб олиб бориш учун шарт-шароитлар яратиш;

-ижтимоий инфратузилма объектларини лойиҳалаштириш ва қуриш чоғида ёшларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олиш;

-жамоат транспортидан фойдаланишда имтиёзлар бериш.

Ўқув жараёни вақтида ўқувчилар ва талабаларни жамоатчилик ишларига жалб этишга йўл қўйилмайди, бундан улар томонидан танланган мутахассисликка мос ва ўқув-ишлаб чиқариш амалиётининг шакли бўлган ҳоллар ёхуд ўқувчилар ва талабалар ўқишдан бўш вақтида ихтиёрий меҳнат қилган ҳоллар мустасно. Мазкур меҳнат фаолиятига меҳнат тўғрисидаги ёки фуқаролик қонун ҳужжатларига мувофиқ шартнома мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйилади.

Қонун ҳужжатларида ёшларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг бошқа кафолатлари ҳам берилиши мумкин.

Азимжон  ЮНУСОВ,

тумандаги 2-сонли давлат нотариал идораси нотариуси.