ҚАЛБИМДАГИ БИТИКЛАР

Учратдиму қалбинг сари йўл солдим.

Бу ишим тўғри, ё хато… билолмай қолдим.

Лек солмоққа бошқа йўл ҳам йўқ эди.

***

Клонлаштиришни кашф этмиш башар,

Аллоҳ ила баҳс қилмоқчими –

Жонзот яратишда одам?! Ё, алҳазар!

***

Кексайганда ҳамроҳ бўлар тунлар бедорлик.

Ухлай десанг, ёқадан олар –

Ёшликдаги хатолар.

***

Ишқсизларга қоламан ҳайрон:

Улар ёқимсизми? Севилмайдилар.

Ёки нотавонми? Севолмайдилар.

***

Кўнглим олмоқ истадинг, бердим қўшқўллаб,

Ўйлар эдим, уни доим шодмон этасан.

Надоматким, ҳар гал ғашлаб кетасан.

***

Сизга олиб борар йўл шунчалар олис,

Унда қуриб борар тинка-мадорим…

Сизнинг меҳру муҳаббатингиз каби.

***

Варақламанг қалб дафтаримни,

Варақлари яроқсиз уни.

Ҳар томондан хўп титкилашган…

Ўринбой Мўминов