АҲМАД АЛ ФАРҒОНИЙ

Ўрта аср шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, уларнинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти беқиёсдир. Ўтмишнинг буюк мероси ҳақида сўз юритганда, улуғ аждодларимизнинг жаҳон илм-фани ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини алоҳида қайд этиш жоиздир.

Заминимизда яшаб ўтган буюк алломаларимиз, мутафаккир боболаримизнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти, бемисл илмий-ижодий кашфиётлари бугун ҳам жаҳон аҳлини ҳайратга солаётганини ғурур билан таъкидлаш лозим. Булар Муҳаммад Мусо Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Маҳмуд аз Замахшарий, Абу Али Ибн Сино, Аҳмад ал Фарғоний каби буюк ватандошларимиздир.

Аҳмад ал Фарғоний инсоният тарихидаги илк уйғониш даврининг энг забардаст ва кучли намояндасидир. Унинг бебаҳо мероси ўз даври олимлари учун дастуриламал бўлиб хизмат қилгани тарихий манбалар орқали маълум.

Аҳмад ал Фарғоний IX асрда яшаб ижод этган, география, астрономия, математика ва геометрия фанлари ривожига салмоқли ҳисса қўшган олим. Европада Алфраганус номи билан машҳур бўлган алломанинг тўлиқ исми Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Кассир ал Фарғонийдир. Ал Фарғоний Халифа Хорун Ар Рашид ворислари ал Маъмун, Муътасим, Мутаваккил ҳукмронлик қилган даврда яшаган. Аввал Марв, сўнгра Боғдод, Дамашқ ва Қоҳира шаҳарларида илми ҳайъат фалаккиётшунослик (астрономия), риёзиёт (математика) ва жўғрофия (география) фанлари билан шуғулланди ҳамда қатор илмий асарлар ёзиб қолдирган.

Унинг асосий астрономик асари – «Китоб ал ҳарокот ас самовия ва жавами илм ал нужум» (Самовий ҳаракатлар ва умумий илми нужум китоби) бу асар «Астрономия асослари» ҳақидаги китоб номи билан ҳам маълум бўлиб, 1145 ва 1175 йилларда Европада лотин тилига таржима қилинган. Ал Фарғоний асарининг лотинча таржимаси биринчи марта 1493 йилда тош босма усулида нашр этилди. Бизнинг давримизгача ал Фарғонийнинг етти асари сақланиб қолган. (Лекин булар ҳозирги замон тилига таржима қилинмаган). Асарларнинг қўлёзмалари жаҳоннинг турли шаҳарлари – Берлин, Душанбе, Лондон, Париж, Техрон, Машҳад, Патна, Рампур, Халаб, Қоҳирадаги кутубхоналарда сақланмоқда. Дарҳақиқат, Аҳмад ал Фарғонийнинг астрономия фани ривожига қўшган ҳиссаси беқиёс. У юлдузларнинг орасидаги ердан қуёш, ой ва бошқа сайёраларгача бўлган масофани, осмон жисмларининг ҳажмини аниқлаб, жадвал тузган. Ушбу жадвалдан барча астрономлар, жумладан, европалик астрономиянинг «асосчиси» деб ҳисоблайдиган Николай Коперник ҳам фойдаланган.

Шунингдек, осмон жисмларининг ҳаракатларини мукаммал ўрганган олим қуёш ва ой тутилиш ҳодисаларини ҳам илмий асослаб берган. Ойдаги 20 километрли йирик кратерлардан бирига Аҳмад ал Фарғоний номи берилган. Бундай буюк алломаларимизнинг илм-фанга қўшган ҳиссаси ҳамиша биз, ёшлар қалбида ифтихор туйғуларини уйғотади.

Авазбек ШАРИПОВ,

Тошкент давлат шарқшунослик институти талабаси.