РУҲИЙ ВА ЖИСМОНИЙ ХАТАР
Бола катталарга қараганда руҳан ва жисмонан кучсиз ва мўрт бўлади. Агар компьютер, интернет масаласига етарлича эътибор берилмаса, фарзанд тарбиясида катта муаммолар юзага келиши аниқ. Мутахассислар фикрича, виртуал олам асирига айланган болаларда қуйидаги касалликлар кўзга ташланади:
Фарзанд руҳий зўриқиш – «стресс» остида қолади. Виртуал оламга «кириб кетган» бола ҳеч нарсани эшитмайди, кўрмайди, ҳамма нарсани унутади. Бундай пайтда унинг руҳияти кучли ҳаяжон таъсирида бўлади.
Айниқса, маънавий зарар бедаво хасталикдир. Бола гўё пластилинга ўхшайди. Четдан олаётган ахборотлари таъсирида унинг қарашлари турли ўзгаришларга учрайди. Интернетга боғланган болалар, табиийки, асосий маълумотни виртуал оламдан олади. Болаларнинг ноутбук ёки компьютерлардан билим олиши, ақлни ўстирувчи ўйинлар ўйнаши ёки китоб ўқиш учун фойдаланиши жуда кам учрайдиган ҳолат. Одатда, у ота-онаси, ўқитувчилари реал ҳаётда қайтарадиган, маънавий тўсиқ бўладиган ахборотларни эгаллашга интилади. Интернетдан оқиб кирган бузғунчилик, зўравонлик, ахлоқсизлик боланинг онгига қаттиқ ўрнашиб қолади.
Китобга, ўқишга қизиқиш унинг онгидан сиқиб чиқарилади. Унинг саводхонлик даражаси тушиб кетади, дунёқараши ўйинлар, ижтимоий тармоқлар ва виртуал мулоқотлар билангина чекланиб қолади. Бола фикрлашни тўхтатади, чунки у истаган нарсасини интернетдан топиб олаверади. Болада атрофдаги одамлар билан мулоқот эҳтиёжи йўқолади. Реал дунё иккинчи ўринга тушиб қолади. Ҳаётдаги дўстлар ва яқинлар ижтимоий тармоқлардаги минглаб дўстлар ва расмлар олдида аҳамиятини йўқотади.
Боланинг одамлар билан муомала қилиш лаёқати сўнади. Интернетда ўзини «қаҳрамон» ҳис этадиган бола ҳаётда иккита гапни бир-бирига қовуштира олмайди, одамови бўлиб қолади, тенгқурларига аралашиб кетолмайди. Барча ахлоқий қадриятлар унинг учун маъносини йўқотиб, ўрнига шалоқ тил, жазодан чўчимаслик, масъулиятсизлик ҳисси ва тубан истаклар шаклланади, куч олади. Интилишлар сўнади. Булардан ҳам хавфлиси, боланинг бузғунчи ғояларни тарғиб этувчи сайтлар таъсирига тушиб қолишидир.
Боланинг кўриш қобилияти жуда тезлик билан пасайиб кетади. Каттагина, сифатли монитордаги тасвирларни ҳам яхши илғай олмасликдан шикоят қилади. Компьютерга асир бўлиб қолган боланинг яшаш тарзини ўзгартириш кейинчалик жуда қийин кечади. Унинг нафақат спорт билан шуғулланишга, балки очиқ ҳавода сайр қилишга ҳам қунт-иродаси етмайди.
Зўравонлик, фахш ва шафқатсизлик акс эттирилган компьютер ўйинларини мунтазам ўйнаш кўплаб болаларнинг тарбиясига жуда катта салбий таъсир кўрсатмоқда. Шундай экан, фарзанд тарбиясига ҳар биримиз эътиборли бўлишимиз керак.
Наргиза РАҲМАТОВА,
2-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.

