ЁРУҒ ЮЗ БИЛАН
ЁРУҒ ЮЗ БИЛАН
Деҳқоннинг ҳар куни машаққатли ва меҳнат завқи билан ўтади. Аммо йилда икки кун борки, бу онда унинг қувончи ва ҳаяжони ўзгача. Бири – ерга уруғ қадаган куни бўлса, яна бири – меҳнатининг меваси бўлмиш хирмон тўпланган палла. Бирида яхши ниятлар ила, катта мақсад сари бел боғланган бўлса, иккинчисида йил бўйи қилинган меҳнатнинг ҳосиласи – катта хирмон қаршисида эришилган марра муносиб байрам қилинади. Чунки машаққатли ва заҳматли меҳнат эвазига яратилган улкан хирмон завқи кўнгилларга олам-олам қувонч бахш этади. Бу хирмон халқ насибаси бутунлигига, юрт ободлиги ва фаровонлиги янада юксалишига хизмат қилади. Шу боис бу қувончга эл-юрт бирдек шерик бўлади.
«Қашқалдоқ Беруний» СИУ ҳудудидаги «Санжар зиё нур» фермер хўжалиги аъзолари 13,3 гектар майдоннинг ҳар гектаридан 37,5 центнердан жами 100,5 тонна «оқ олтин» олиб, шартномавий режани бажардилар. Бу ютуқда механизатор Ҳасанбой Раҳмонов, сувчи Маҳмуджон Темиров, Чўртук МФЙдан чиққан илғор теримчилардан Адиба Мўйдинова, Матлуба Валиева, Саида Каримова, Татьяна Кнестоваларнинг ҳиссаси катта.
Ҳашарчилар учун ўз вақтида тушлик тайёрлашда ошпаз Раънохон Раҳмонованинг хизмати ҳам арзирли. Дала шийпонидаги дарахтларнинг соя-салқини, паррандачилик йўлга қўйилгани, қулай шароитлар яратилгани ҳашарчиларни унумли ишлашга руҳлантиради.
Яқинда фермер ҳўжалигида ҳосил тўйи бўлди. Унга туман прокурори Жобирхон Азимов, 4-Уйчи туманлараро газ таъминоти участкаси бошлиғи Ҳасанбой Онорбоев ташриф буюриб, эришилган зафар билан барчани қутлашди ва илғор теримчиларга эсдалик совғалари топширишди. Шунингдек, иккинчи теримда 100 килограммдан ортиқ пахта терган илғорларга 4-Уйчи туманлараро газ таъминоти участкаси томонидан суюлтирилган газ баллони тўлдирилган ҳолда совға тариқасида берилди.

