БУЮК ЭЛНИНГ БУЮК ЎҒЛОНИ
БУЮК ЭЛНИНГ БУЮК ЎҒЛОНИ
Нокамтарлик бўлса ҳам айтай: қадим халқлардан бўлмиш – бизким, ўзбеклар кўп жабҳаларда буюкликка дахлдор бўлиб келганмиз ва шундай бўлиб келяпмиз. Бу буюкликни тарих давомида халқнинг буюк фарзандлари намоён этмоқдалар. Маълумотларда битилишича, бундай буюкларимиз сони икки минг нафардан зиёд экан. Ана шулардан бири, шаксиз, атоқли давлат арбоби, истеъдодли адиб, халқпарвар ва сахий қалб соҳиби Шароф Рашидович Рашидовдир. Бу йил бу муҳтарам инсон таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланаётган экан, мен ҳам у кишини яхши билганим ва учрашиш шарафига муяссар бўлганим боис руҳларини шод этиш ниятида қуйидагиларни ёзгим келди.
Зўравонлик асосида майдонга келган шўролар тузуми қарам республикалар ичида Ўзбекистонга нисбатан алоҳида яширин (тазйиқ остида ушлаб турувчи, халқнинг онги ва маънавиятининг ўсишига тўсқинлик қилувчи) сиёсат олиб борар эди. Сабаби, марказ бизнинг буюк ўтмишимиздан, халқимизнинг салоҳиятидан чўчирди.
Қоғозда бошқа, амалда бошқа сиёсат юритилган шароитда юртни бошқариш учун метин ирода, кучли ақл-заковат, билим ва тафаккур, миллатга, Ватанга қайноқ муҳаббат зарур бўларди. Шароф отада бу фазилатлар мужассам эди. Республикамизни хом ашё базасига ва экологияни бузувчи корхоналар юртига айлантириш учун ҳаракат қилинаётган бир паллада юрт отаси марказдаги раҳбарларни ҳар томонлама ўз хоҳиш-иродасига кўндириб, улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширди. Янги шаҳарларнинг барпо этилиши, зилзиладан вайрон бўлган Тошкентни «Шарқ машъали»га айлантирилиши, минглаб гектар қақраб ётган чўл-адирлар ўрнида шаҳар-қишлоқлар, пахтазору боғ-роғлар бунёд этилиши, Тошкент метрополитенига асос солиниши, юзлаб янги мактаблар, касалхоналар, боғчалар, завод-фабрикалар қурилиши ва бошқалар фикримизнинг далилидир. Бу ишлар учун маблағни Москвадан ундиришда Шароф Рашидовичнинг юксак салоҳияти, уддабуронлиги ғоят қўл келган.
Шундай улуғвор ишлар бошида турган бу инсоннинг ғоят кичиккўнгил, ўта меҳрибон раҳбар, болажон бобо бўлганлиги кишини ҳайратга солади…
1982 йилнинг август ойи. Мен собиқ «Ленинчи йўл» колхозида турмуш маданияти бўйича раис ўринбосари лавозимида ишлар эдим. (Бу лавозим бир йил аввал Ш.Рашидовнинг таклиф ва ташаббуси билан жорий этилганди.)
Ш.Рашидов Уйчи туманига ташриф буюрдилар. Собиқ Жданов колхози орқали хўжалигимизнинг Димитров (ҳозирги Мевазор) қишлоғи ҳудудидан ўтишлари айтилди. Йўл ёқасидаги 10-бригадамиз шийпонида тарбияланаётган боғча болаларини йўл бўйига сафлаб, қўлларига гулдасталар бериб, кутиб турдик. Бироздан сўнг қора автомобиль кўринди ва секин юриб ўтиб кетди. Автомобиль ичида Ш.Рашидов, обкомнинг 1-котиби М.Камалов ва райкомнинг 1-котиби А.Эгамбердиевлар бор эди. 10-15 метрлар ўтиб, машина тўхтади ва ичидан Ш.Рашидов тушдилар-да, болалар сари юриб келдилар. Ҳар бир бола билан сўрашиб, гулини олиб: «Исминг нима?», «Кимнинг ўғлисан?», «Катта бўлганингда ким бўласан?» каби саволлар билан эркаладилар. 2 та қизалоқни кўтариб, пешонасидан ўпдилар ва юзланиб: «Сиз кимсиз?» -дедилар. Айтдим. «Ишлар яхшилиги шийпоннинг ҳолатидан кўриниб турибди. Ишловчиларга қанча яхши шароит яратилса, план шунча эрта тўлади. Сизларга муваффақият!» -дея болалар билан хайрлашиб, жўнаб кетдилар.
Марказий Осиёдаги энг кўзга кўринган республиканинг биринчи раҳбари бўлган бу инсоннинг шу қадар камтар, меҳрибон ва оддийлиги мени ҳайратга солган эди.
Ишончим комилки, Шароф ота бундай кутилмаган учрашувларни юртимизнинг ҳар бир шаҳару қишлоғида, маҳалла-ю даласида ташкил қилганлар.
Ҳаёт қизиқ, у қарама-қаршилик асосида кечади. Инсон ким бўлишидан қатъи назар, қанча камтар ва оддий бўлса, эл уни бошига кўтаради, агар калондимоғ ва манман бўлса, эл уни назар-писанд қилмайди.
Сўзни мухтасар қилар эканман, ҳассос шоиримиз Мақсуд Шайхзоданинг қуйидаги сатрлари ёдимга келди:
Умрлар бўладики, тиригида ўликдир,
Умрлар бўладики, ўлган одам тирикдир.
Ҳа, Ш.Рашидов ва унга ўхшаган буюк зотлар халқ қалбида мангу яшайдилар.
Ўринбой МЎМИНОВ.

