ЮКСАК МАРРАЛАРНИ КЎЗЛАБ…

Туманда илғор фермерлар ҳақида гап кетганда Барнохон Мирзамованинг номи тилга олиниши бежиз эмас. Ўн йилдирки, у қишлоқ хўжалиги соҳасида самарали меҳнат қилиб, тобланди. Изланишдан, янгиликка интилишдан чарчамайди. Барнохон раҳбарлик қилаётган «Уйчи обод замини» фермер хўжалиги миришкорлари бу йил ғалладан мўл ҳосил олишди. 26,5 гектар майдоннинг ҳар гектаридан 60 центнердан ҳосил кўтарилди. 43 гектар майдонда ҳам мўл пахта ҳосили етиштирилди. Биринчи теримнинг ўзидаёқ режа 80 фоизга борди.

Барнохондаги фидойилик, тажриба ҳисобга олиниб, бу йил баҳордан Наманган илмий текшириш станциясининг Қизилравот бўлимини бошқариш вазифаси ишониб топширилди. 49 гектар майдондаги ғалладан салкам 270 тонна ҳосил олинди. Шартномавий режа ортиғи билан бажарилди. 52 гектар майдонда «С 8295», «С 8286», «С 2118», «С 6575», «Манзур» каби навлар меҳр билан парваришланиб, пахтадан ҳам кўзланганидан зиёд ҳосил яратилди.

Бугун фермер хўжалиги ва бўлим пахтазорларида йиғим-терим авжида. Терим бошланган кунлари тўрт юзга яқин ҳашарчи далага чиқди. Бир кунда 24 тоннагача пахта топширилди. Механизатор Неъматжон Бойдедаев мавсум давомида 200 тоннадан ортиқ пахтани қабул масканига етказиб берди. Ҳадича Эргашева, Дилбархон Холматова, Маҳмудахон Қосимова, Моҳида Исмоилова, Робия Боймирзаева, Мунаввар Валиева, Раъно Тўхтаназарова каби жамоа аъзолари теримда пешқадамликни қўлдан беришмаяпти. Ҳожиобод маҳалласидан чиққан ҳашарчилар Ёқутхон Боймирзаева, Ҳасанбой Комиловлар уюшмаган аҳоли ўртасида олдинги ўринда боришмоқда.

Илғорларни рағбатлантириш, аъзоларни маданий дам олдириш ҳам эътибордан четда қолмаяпти. Беш кунлик якуни бўйича ғолиблар тақдирланяпти. Ҳар куни тушликда ош дамланиб, ҳашарчи-ю теримчиларга муносиб шароитлар яратиб бериляпти. Яқинда фермер хўжалигида яна бир шодиёна бўлди. Жамоа аъзоси, мавсум бошидан буён 5 тонна пахта териб берган илғор теримчи Дилбархон Холматованинг туғилган куни муносиб нишонланди. Тадбирга туман ҳокими Абдуғани Турдиев ташриф буюриб, Дилбархон опа ва барча илғорларга миннатдорчилик билдирди, энг олди теримчиларга эсдалик совғаларини топширди.

Туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази қошидаги «Тарона» ашула ва рақс халқ ансамбли хонандаларининг қўшиқлари тадбирга ўзгача шукуҳ киритди.

Юксак марраларни кўзлаб меҳнат қилаётган пахтакорларга азму шижоатингиз асло сўнмасин, деймиз.

Муҳаммад АЛИ.