ҚАДРНИ ҚУЛАТГАН ҚАБОҲАТ
Жиноят кишилик жамиятига номуносиб шундай «замбуруғ»ки, инсон манфаатлари устун бўлган ҳар қандай тузумда унга қарши аёвсиз кураш олиб борилиши ҳам шундан.
Мамлакатимизда ҳам жиноятчиликнинг ҳар қандай кўринишига қарши жамоатчилик миқёсида курашилади. Айниқса, жиноятчига бўлган элнинг нафаратини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди.
Ҳеч эътибор берганмисиз, «Фалончи ўғри, пистончи қиморбоз», яна кимнингдир исмига «фирибгар» тамғасини қўйиб ишлатилишига? Энг ёмони, мана шу хунук атама ўша шахснинг авлодига ўтиб бораверади.
Ҳамюртимиз К.П. ўзига ўғриликни касб қилиб олишидан аввал мана шулар тўғрисида бир мушоҳада юритганда эди…
К.П.нинг қабоҳатга ботиши ўтган йили куз ойларида фуқаро М.Н.нинг далага боғлаб қўйилган 1800 минг сўмлик қорамолини ўғирлаб кетишдан бошланди. Жиғилдонга тушган ҳаром луқма орқали шайтоний нафс бутун вужудга тарқаб кетди. Тез-тез ана шундай текин даромадни излаб топмаса, таскин топмайдиган бўлиб қолди. Бу туйғу уни бошқа жиноятларга ҳам аста-секин етаклаб борди. Тўрт ой оралиғида тўққиз бор ўғриликка қўл урган К.П. кимнингдир моли, кимнингдир қўйи, яна кимнингдир дурустроқ нархга кирадиган асбоб-ускуналарини жиноий йўл билан қўлга киритди.
Ушбу жиноий иш жиноят ишлари бўйича туман судида кўриб чиқилди. Айбланувчи К.П. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Ж.МАМУРОВ,
жиноят ишлари бўйича туман суди раиси.

