МЕҲНАТ МУНОСАБАТЛАРИДА ВОЯГА ЕТМАГАНЛАР ҲУҚУҚИ
Халқаро ҳуқуқ ва миллий қонунчилигимизда вояга етмаганларнинг меҳнат муносабатлари бўйича ҳуқуқлари кафолатланган. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 77-моддасига кўра, вояга етмаганларнинг ўн олти ёшдан ишлашига йўл қўйилади. Бунинг учун, албатта, унинг ота-онасидан бирининг ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги олиниши шарт.
Шунингдек, Меҳнат кодексининг 241-моддасида ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар меҳнатидан шу тоифа ходимларнинг соғлиғи, хавфсизлиги ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган меҳнат шароити ноқулай ишларда, ер ости ишларида ва бошқа ишларда фойдаланиш тақиқланиши ва ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг белгилаб қўйилган нормадан ортиқ юк кўтаришлари ва ташишларига йўл қўйилмаслиги назарда тутилган.
Айни масалада меҳнат қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар юзасидан иш берувчиларга тегишли тушунтиришлар бериб келинмоқда, тумандаги корхона ва ташкилотларда, таълим ва тиббиёт муассасаларида ўқув семинарлари ўтказилди.
Жумладан, 37-сонли қишлоқ оилавий поликлиникасида ўтказилган ўқув семинарида Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган «Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат тўғрисида»ги ҳамда «Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисида»ги Қонунлари билан ратификация қилинган Конвенциялар моҳияти ҳамда меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилишга доир қонун ҳужжатларига риоя этилиши борасида тушунтиришлар берилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоиз-ки, фуқароларнинг, вояга етмаганларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилиши Ўзбекистон Республикаси МЖТКнинг 51-моддасига асосан қонунда назарда тутилган ҳолларни истисно этганда, меҳнатга бирон бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш энг кам ойлик иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорида жарима жазоси қўлланишига сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорида жарима солинишига сабаб бўлиши белгилаб қўйилган.
Тоҳиржон МАМАДАЛИЕВ,
туман бандликка кўмаклашиш марказининг давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори.

