КИТОБХОНЛИК ТАРҒИБОТИ
Ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишларини ошириш масаласи бугун ҳар қачонгидан долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, Президентимизнинг «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги фармойиши, яқиндагина қабул қилинган «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги ПҚ-3271-сонли қарори айни вақтида қабул қилинган зарурий ҳужжат бўлдики, унда белгиланган вазифаларнинг бажарилиши ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишларини ошириш ва ижодий фаоллигини ривожлантиришга хизмат қилади. Бу ишни айнан оиладан, мактабгача таълим муассасаларидан бошланиши эса албатта, ўзининг ижобий самарасини беради.
Айни пайтда туманимизда 38 та мактабгача таълим муассасаси фаолият юритади. Уларга жами 5121 нафар тарбияланувчи жалб этилган.
Энг муҳими, туманимизда махсус лойиҳа ҳамда Президентимиз қарори асосида ҳудуддаги мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинмаган 5-6 ёшли болаларни мактаб таълимига сифатли тайёрлаш мақсадида 20 та мактабгача таълим муассасасида жами 40 та қисқа муддатли гуруҳ ташкил қилинди. Уларга 800 нафар бола тортилиб, янги дастур асосида малака оширган 40 нафар педагог бириктирилди. Ушбу янгилик чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи юртдошларимиз томонидан катта хурсандчилик билан кутиб олиндн.
Президентимиз қарорида айтиб ўтилганидек, болаларда китобга бўлган қизиқишни болаликдан шакллантириш мақсадида мактабгача таълим муассасаларида педагог-ходимлар ва тарбияланувчилар, ҳудуддаги мактабгача таълим муассасаларига қатнамайдиган болаларнинг ота-оналари учун «Кичик кутубхона»лар ташкил қилинган. Бундан ташқари, давлатимиз томонидан мактаб кутубхоналарига ҳудуддаги мактабгача таълим массасаларига қатнамайдиган 5-6 ёшли болаларнинг ота-оналари учун 12356 та 5 номдаги расмли қўлланмаларнинг берилиши ёш авлодга бўлган ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир.
Ўтган ҳафта туман ҳокимлиги, туман прокуратураси, ички ишлар бўлими, халқ таълими бўлими ҳамкорлигида 33-МТМда «Мактабгача таълим муассасаларида кичик кутубхона ташкил қилиш ҳамда қисқа муддатли гуруҳлар фаолияти», 11-мактабда «Китоб фарзанд тарбияси ва келажаги учун муҳимдир» мавзуларида семинарлар ташкил этилди.
11-мактабда семинар якунига бағишланган йиғилиш бўлди. Унда сўзга чиққан туман ҳокимининг ўринбосари Аҳмаджон Раҳматов, вилоят халқ таълими бошқармаси вакили Хайрулло Абдураҳмонов, туман прокурори Жобирхон Азимов, туман халқ таълими бўлими мудири Ҳусниддин Маҳмудовлар муассасадаги «Кичик кутубхона» фаолияти ҳамда 11-мактабда ўтказилган акцияни алоҳида эътироф этдилар. Семинар якунида энг фаол китобхонлар, синф раҳбарларига фахрий ёрлиқ, эсдалик совғалари топширилди.

