ЎҒРИ ПАЙТ ПОЙЛАСА…
“Ит қутурса, эгасини қопади”. Айни топиб айтилган ҳикмат. Бу ибора биз аччиқ қисмати ҳақида ҳикоя қилмоқчи бўлган қаҳрамонимиз М.Н.га қарата айтилган бўлса, не ажаб.
Ҳамюртимиз М.Н. ўттиз ёшга қадам қўйиш остонасида турганига қарамай, ҳаётда ўз ўрнини топиш, бирор касбнинг бошини тутиш, мустақил оила қуриш ўрнига жиноят кўчасидан ўз насибасини қиди-ришни афзал топди. Қилмишига яраша 2014-2015 йилларда икки бор суднинг қора курсисида ўтиришига тўғри келди. Ҳар гал пешонаси бориб деворга урилса-да, унинг ақли кирмади.
М.Н.нинг навбатдаги қабиҳлиги қурбони унинг яқин таниши К.Т. бўлди. Муносабатларини самимий деб баҳолагани боис, К.Т. М.Н.дан бундай тубанликни кутмаганди. Лекин…
Тунда К.Т.нинг уйига хуфиёна кирган қаҳрамонимиз уй эгаларининг ухлаб ётганидан фойдаланиб, 500 АҚШ доллари миқдоридаги пул ва бир дона «Galaxy-2» русумли телефон аппаратини ўғирлаб кетади. Тез орада сири фош бўлгач, чет элга қочади. Бу йўл билан қилган жиноятини ювиб бўлмаслигини англаб етган М.Н. юртимизга қайтиб, ўз ихтиёри билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига мурожаат этади. Жабрланувчига етказган зарарларни тўлиқ қоплайди.
Ушбу жиноий иш жиноят ишлари бўйича туман судида кўриб чиқилди. Суд айбланувчи М.Н.нинг айбига иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, айбини енгиллаштирувчи юқоридаги далилларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан энг кам иш ҳақининг 10 баробари миқдоридаги 1302400 сўм жарима жазосини тайинлади.
Ж.МАМУРОВ,
жиноят ишлари бўйича туман суди раиси,
О.ЖЎРАЕВ,
туман прокуратураси терговчиси.

