МАЛАКАЛИ ХИЗМАТ – АСОСИЙ МАҚСАД

«Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да тиббиёт соҳасида изчил амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад аҳолига малакали ва сифатли тиббий хизмат кўрсатишдир. Ана шу эзгу мақсадни дилига жо қилган туманимиз тиббиёт ходимлари ҳам анъанавий касб байрамларини муносиб қарши олмоқдалар.

Бугунги кунда туманимизда 400 ўринга мўлжалланган марказий касалхона, болалар юқумли касалликлар бўлими, кўп тармоқли марказий поликлиника, 7 та қишлоқ оилавий поликлиникаси (ҚОП), 4 та қишлоқ врачлик пункти, битта «Тез ёрдам» бўлими ва унинг 10 та шохобчаси, хўжалик ҳисобидаги бўлимлар аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, беморларнинг даволаниши учун қулай шарт-шароитларни яратиш асосий эътиборда бўлмоқда. Манзилли дастур асосида туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси ҳамда туғруқ комплекси капитал реконструкциядан чиқарилиб, бунинг учун маҳаллий бюджетдан 4,5 млрд. сўм маблағ сарфланди. Ғалаба, Ғайрат, Чўртук, Бирлашган ҚОПлари, Ахси ҚВП, марказий касалхона бўлимларида маҳаллий бюджет, бирлашманинг ривожлантириш жамғармаси, ҳомийлар маблағлари ёрдамида таъмирлаш ишлари олиб борилди, кўмир омборлари қурилди, иситиш тармоқлари созланди.  Инвест дастури асосида Жийдакапа ҚОПда 1,5 млрд. сўм маблағ эвазига капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Яратилаётган шарт-шароит ва ғамхўрликларга жавобан оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, болаликдан ногиронликнинг олдини олиш мақсадида туғиш ёшидаги аёллар, мактаб, коллеж ўқувчилари, никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўриги сифатли ўтказилишига эътибор кучайтирилмоқда. Касаллик аниқланганда, уларни соғломлаштириш чоралари кўриляпти.

Фурсатдан фойдаланиб, туманимиз тиббиётининг барча жонкуярларини, фахрийлар, қалби ва нияти пок ҳамширалар, барча соҳа ходимларини касб байрамлари билан самимий табриклайман. Халқимизга хизмат қилишдек шарафли ва масъулиятли ишларида муваффақиятлар тилайман.

Насибахон РАСУЛОВА,

туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи.

Суратда (ўнгдан): касб байрамларини ёруғ юз билан кутиб олаётган туман тиббиёт бирлашмаси туғруқ комплексининг олий тоифали ҳамширалари Наргиза Насруллаева ҳамда Ёқутхон Мамажоновалар.