ОБУНА ИХТИЁРИЙМИ?

Китобхонлар орасида Кумушбибининг ўлимидан изтиробга тушмаган, Қоравойнинг саргузаштларидан юзига табассум югурмаган, Найман она фаожиасидан даҳшатга келмаган ўқувчи топилмаса керак. Буларнинг бари нимадан? Албатта, ёзма адабиётнинг қудрати, салоҳиятидан.

Инсониятнинг оламшумул кашфиётлари орасида ёзма ижод алоҳида салмоқли ўринга эга. Чунки аждодларнинг босиб ўтган йўли, ютуқ ва камчиликлари, кашфиёту ечолмаган сир-синоатлари, жамият ва тузум шакллари – бари-баридан сўзлаб бергувчи, авлодларга етказувчи биргина ёзма манбалар бўлиб келмоқда.

Халқимизда азалдан мутолаага бўлган эътибор ўзгача. Эл орасида ўқимишли, хат-саводлилар алоҳида ҳурматга сазовор бўлишган. Давраларда уларни тўрга олиб, эъзоз-эҳтиром кўрсатилган.

Афсуски, интеллектнинг юксак ривожланиш даври – бугунги кунга келиб ўқишга бўлган муносабат дилни ранжитади. Аниқроғи, бироз хавотирга, ташвишга солади кишини. Статистик маълумотларга кўра, энг ўқимишли мамлакат фуқаролари ўнлигига дунёнинг сиёсий ва иқтисодий барқарорлиги таъминланган кучли давлатлари кирар экан. Демакки, халқнинг мутолаага бўлган муносабати ҳам мамлакат тараққиётида муҳим масалаларга туртки бўларкан.

Яқинда таҳририятимизга кекса отахон – Уйчи шаҳарчаси, Ҳуррият маҳалласида истиқомат қилувчи Қодиржон ака Эргашев кириб келдилар. Салом-аликдан сўнг янги йил учун газетага обуна бўлиш ниятида эканликларини маълум қилдилар.

Отахон каби нуроний ёшга бориш ҳаммага насиб қилсин. Шу ёшда кишининг ўзига яраша муаммолари етарли. Аввало, саломатлиги, хоҳлайдими-йўқми, ёшлик йилларидек эмас. Еган-ичгани бирда ёқса, бирда ёқмайди. Бу ёқда фарзандлар ташвишига бирин-кетин улғаяётган невара-чевараларники қўшилади. Аммо Қодиржон отанинг фуқаролик позицияси ўзгача. Туманнинг бугунги нафаси билан яшашга, қадам ташлашга одат қилган у киши.

Қаҳрамонимиз каби фикрлайдиган, шундай йўл тутадиган, ибрат олса, арзийдиган фуқароларимиз жуда кўп. Бироқ ҳали ҳануз «Обуна ихтиёрийми, мажбурийми?» деган саволнинг мазмун-моҳиятини ўзи тўлиқ тушуниб етмай, нотўғри талқин қилиб юрганларнинг ҳам борлиги дилни ранжитади.

Аввало, шуни айтиш жоизки, обунанинг ихтиёрийлиги жамиятнинг илғор кишисиман, деган шахсни обуна бўлишдан озод этмайди, балки уни истаган газетага обуна бўлиш имкониятини беради. Энди айтинг-чи, жонажон Уйчимиз нафаси билан яшаётган, фақатгина туманимиз аҳли учун хизматга бел боғлаган, ҳар бир ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий, маънавий-сиёсий ҳаётида рўй бераётган янгиликлар, илм-фан, санъат ва спортдаги ютуқларимиз ҳақидаги «қайноқ» хабарлардан воқиф қилувчи «Уйчинома»ни қайси нашр билан алмаштиришга жазм этасиз? Ахир ушбу газета орқали сиз, оила аъзоларингиз, қўни-қўшни, қариндош-уруғингиз, ёр-дўстларингиз, ҳамкасбларингиз ҳаёти, фаолияти билан боғлиқ маълумотлар муҳрланади, бус-бутунлигича келажак авлодга етади.

… Авваллари инсон одамларни ўз ортидан эргаштириш, бир қадам олдинда юриш учун ўқиган бўлса, бугун одамлардан ортда қолмаслик, уларга етиб одимлаши учун ҳам ўқишга мажбур. Ўқишга мажбур экан, демак, обуна ҳам мажбурий. Фақатгина уни бу ишга бирор шахс, раҳбар, таҳририят ёки бошқа куч эмас, ўзининг қалби, виждон амри мажбур қилмоғи даркор.

Абдулҳаким НИШОНОВ.