ҲУҚУҚИЙ ПОЙДЕВОР

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, янги суверен давлат мақомини конституциявий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйиш, мустақил республикамиз ўзининг сиёсий ва ҳуқуқий ривожланиш йўлини белгилаб олиш, янги жамият қуриш ва тараққиётнинг ўз конституциявий моделини ишлаб чиқиш зарур эди. Янги конституцияни ишлаб чиқиш зарурлиги ҳақидаги фикр 1990 йил март ойида бўлиб ўтган ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг биринчи сессиясида илгари сурилган.

Олий Кенгаш 1990 йил 20 июнда эълон қилган суверенитет тўғрисидаги декларацияда ушбу ҳужжат республиканинг янги Конституциясини ишлаб чиқишга асос бўлиши таъкидланди. 1991 йил 31 августда Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги эълон қилинди ва «Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида»ги Қонун кучга кирди.

Ушбу Қонунда белгиланган қоидалар амалиётда синовдан ўтиб, сўнгра Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг лойиҳасига киритилди. 1992 йил 8 декабрь, яъни Конституция қабул қилинган кундан бошлаб эришилган, дунё жамоатчилиги кенг эътироф этаётган оламшумул ютуқлар – иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланаётгани, аҳоли фаровонлиги ва турмуш сифатининг ортаётгани, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллагани, Асосий Қомусимиз асосида қўйилган, чуқур ва пухта ўйланган мақсад, принцип ва нормалар ҳаёт синовидан ўтиб, ўз самарасини яққол намоён қилиб келмоқда.

Бош Қомусимиз барқарор конституциявий тартиб ўрнатишга хизмат қилиб, давлат тузилиши соҳасида ҳуқуқий давлатчиликнинг муҳим белгиси – ҳокимият ваколатлари бўлиниши принципи асосида давлат органлари тизими шакллантирилди. Шу билан биргаликда, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ва либераллаштириш, суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлашга алоҳида эътибор берилди.

Бугунги кунда Бош Қомусимиз – Конституция миллий давлатчилик ва унинг ижтимоий-сиёсий тизимини яратиш, демократик тамойиллар асосига қурилган сиёсий ва иқтисодий тизимни шакллантиришнинг ҳуқуқий пойдевори вазифасини ўтамоқда.

Т.РАЖАБОВ,

фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро суди раиси в.б.