«Уйчи тумани ҳокими кубоги» мусобақалари бошланди
Шу йилнинг 14 ноябридан туман марказидаги «Пахтакор» ўйингоҳида «Уйчи тумани ҳокими кубоги» мусобақалари бошланди.
Мазкур футбол бўйича мусобақа туман ҳокимлиги, вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси, вилоят футбол федерацияси, болалар спортини ривожлантириш жамғармаси вилоят филиали, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Уйчи тумани кенгаши, 1-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳамкорлигида 2005-2006 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида республика миқёсида ўтказилмоқда. Унда Тошкент, Самарқанд, Андижон, Фарғона, Жиззах вилоятлари ҳамда вилоятимизнинг Чортоқ, Тўрақўрғон, Норин, Янгиқўрғон туманлари, Наманган шаҳридан ташриф буюрган 16 та жамоа иштирок этмоқда.
«Уйчи тумани ҳокими кубоги» мусобақасининг тантанали очилиш маросимида туман ҳокимлиги, жамоат ташкилотлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашдилар. Маросимда туман ҳокими, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Абдуғани Турдиев сўзга чиқиб, самимий тилаклар билдирди, ушбу кубок ҳақиқий футбол ва дўстлик байрамига айланишига ишонч билдирди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янгради. Дастлабки ўйинлар бошланди. Мусобақа бир ҳафта давом этади. Унинг якунлари ҳақида келгуси сонда хабар берамиз.

