ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ

У қаердан бошланиб, қаерда тугайди?

Ўтмишда уламолардан бирининг олдига ташриф буюрган ҳамқишлоғи шундай деб сўрабди:

-Мен фарзандимни қачондан бошлаб тарбиялаганим маъқул?

-Фарзандингиз неча ёш, – сўрабди донишманд.

-У эндигина бир ёшга тўлди.

– Э биродар, сиз фарзандни тарбия қилиш учун бир йилга кечикибсиз…

Дарҳақиқат, фарзанд тарбияси ҳам мевали дарахт кўчатининг парвариши кабидир. Ниҳол илдизи ерга қадалиши ҳамоноқ унга эътибор бериши бошлаш лозим. Йиллар мобайнида унга керакли шаклни бериб, ортиқча шох-шаббаларини кесиб ташлаш орқали, дарахтнинг ёввойилашиб кетиши ёки кўзланган ҳосилни етиштира олмаслиги каби нохушликлардан халос этамиз.

Бола тарбияси порлоқ истиқболи ҳақида қайғурадиган ҳар бир миллат ва элатнинг бош масаласи. Фақат тарбиядаги услуб, ёндашув турлича бўлиши мумкин.

Масалан, кўпгина Европа халқларида ўз фарзандининг таълим-тарбиясига эътибор ҳатто ибрат олса, арзийдиган даражада. Бироқ ушбу муҳим жараён бола оёққа тургунча, вояга етиб, бирор касб-ҳунарнинг бошини тутгунча давом этади, холос. У ёғига фарзанд «ўз аравасини ўзи тортади». Ҳар қандай масалада ота-онаси билан тортишадиган, ҳатто ақл ўргатадиган даражага етади. Бу қанчалик тўғри ёки нотўғрилигини муҳокама қилиш, танқид остига олиш, қоралаш фикридан йироқман. Бу ўша халқ, миллатнинг турмуш тарзи, минтақанинг ҳаёт фалсафасига қурилган удум ва анъаналардир.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, адиба Турсуной Содиқова «Отажоним Шарқ» дея таъриф берган бизнинг минтақада ота-оналик бурчи ва мажбурияти, то у тирик экан, давом этаверади.

Саксон ёшли чолнинг йиғлаб ўтирганини кўрган киши бунинг сабабини сўрабди.

-Отам сўқдилар, -жавоб берибди чол.

Бунга ҳайрон бўлган одам унинг юз ёшли отасига бориб, сабабини сўрабди.

-Нега сўкмас эканман, -жавоб берибди отаси. -Ахир у бобосига салом бермабди-ку!

Юқоридаги латифа қанчалик кулгили бўлмасин, унинг замирида катта маъно-мазмун мужассам, у шарқона тарбияга яққол мисолдир.

Киши ёши бир жойга бориб қолган тақдирда ҳам бирор бир ишга қўл уришдан аввал, ҳаёт бўлса, ота-онаси, бўлмаса, тўнғич ака ё опасидан маслаҳат сўрайди, кенгашади. Уринаётган иши қанчалик тўғри, муваффақияти кафолатланган бўлмасин, ўзбошимчалик қилишга ботинмайди. Хонадонлардаги тўй-тантаналарда ўтказиладиган удумлар, анъаналар тепасида ўша уруғнинг каттаси чақирилади, ундан оқ фотиҳа сўралади.

Юқорида миллатимизга мос ва хос бўлган тарбиянинг гўзал кўриниши ҳақида мулоҳаза юритдик. Кейинги пайтларда фарзанд тарбиясида сусткашликка йўл қўйилаётгани ҳам катталарнинг бироз беэътиборлигидан келиб чиқмоқда. Агар фарзандимиз улғайганда ҳам хотиржамликка берилмай, керакли жабҳаларда тарбия озуқаси билан суғориб турсак, кундалик турмушимизда учраётган «оммавий маданият», кийиниш этикасининг бузилиши, ичкилик ва тамаки маҳсулотларига ружу қўйиш, жиноят ва ҳуқуқбузарлик каби жамиятимизга ёт бўлган унсурларнинг олди олинган бўларди.

Зулхумор КАРИМОВА,

халқ депутатлари туман Кенгаши депутати.