ЭРТА НИКОҲ ҚУРИЛСА…

Оила шундай қутлуғ маконки, у бахт-саодат ошёни, инсон камолотининг бешиги, дунёдаги жамики эзгу умидларнинг олтин калитидир.

Лекин орамизда ҳануз бемаъни ҳо-ю ҳаваслар учун ўз фарзандларининг ҳаётини кўра-била туриб, хавф остига қўяётган ота-оналар учраб турадики, уларнинг кўр-кўрона хатти-ҳаракатларининг аянчли оқибатлари ҳар биримизни чуқур фикр-мулоҳазага ундайди.

Ҳозирги пайтда дунё бўйича никоҳ ёшини кўтариш глобал масала бўлиб, ҳаттоки ушбу ҳолат борасида БМТ ҳам ўзининг асослантирилган фикр ва тавсияларини бермоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Тиббиёт мутахассислари, айниқса, скрининг марказлари тадқиқотчиларининг эрта никоҳ оқибатида ногирон ва ирсий касалликларга чалинган болалар туғилиши кўпайиб бораётганлиги тўғрисидаги маълумоти халқаро ҳамжамиятни ташвишга солмоқда. Шунингдек, соҳа мутахассислари ўғил болалар 25 ёшдагина тўла-тўкис шаклланишини, қиз болалар эса жисмонан ва руҳан 20 ёшда шаклланиши мумкинлиги юзасидан ўз фикрларини билдирмоқдалар.

Жисмонан тўлиқ шаклланмаган қиз боланинг ҳомиладор бўлиши бўлажак фарзанд учун хавфли, яъни тўлиқ шаклланмаган бачадонда бола соғлом ва тўлиқ ривожланмаслиги тиббиёт мутахассислари томонидан аниқланган. Шунингдек, болани туғиш жараёнида жисмонан заиф бўлган онанинг руҳиятига ҳам салбий таъсир қилиши ва келгусида нохуш оқибатларга олиб келиши, яъни нафақат бола, ҳаттоки она соғлиғига ҳам эрта фарзанд кўриш салбий таъсир кўрсатишини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Зеро, халқаро ҳамжамият томонидан ҳам тан олинишича, 20-35 ёш туғруқ ёши ҳисобланиб, айни шу ёшдагина инсон организми руҳан ва жисмонан етук саналади. Амалиётда маълум бўлишича, эрта никоҳ қурган қизлар ўз ҳомилаларини жуда кам ҳолатларда 9 ойгача етказа олар экан.

Ҳақли равишда савол туғилади: нима сабабдан ҳануз эрта никоҳлар мавжуд ва нега айрим ота-оналар ўз фарзандлари ва бўлажак невараларининг келажагига эътиборсизлик билан қараб, уларнинг соғлиғи ва ҳаттоки ҳаётларини хавф остига қўядилар?

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 15-моддасида никоҳ ёши қизлар учун 17 ёш, йигитлар учун эса 18 ёш деб белгиланган. Албатта, бу энг минимал никоҳ ёши ҳисобланади. Лекин бу қиз бола 17 ёшга етиши билан турмушга бериш дегани эмас. Чунки қиз бола никоҳга киришдан олдин унинг соғлом авлодни дунёга келтириш имкониятини ҳисобга олиш зарур. Бунинг учун, қиз боланинг жисмоний ва жинсий ривожланишини баҳолаш, уларнинг оналикка руҳий тайёргарлигини ҳисобга олиш зарур.

Нозима КАРИМОВА,

туман ФҲДЁ бўлими инспектори.