ЧОРРАҲАЛАР КАМЕРА НАЗОРАТИДА
Наманган шаҳри ҳудудида «Хавфсиз шаҳар» концепцияси асосида 6 та катта чорраҳа, яъни И.Каримов кўчасидаги Ғирвонсой, Оромгоҳ кўчалари билан кесишган чорраҳаларга, А.Навоий кўчасидаги Қўқон, Марғилон, Уйчи кўчаси билан кесишган чорраҳаларга ҳамда Саноатчи ва Соҳилбўйи кўчалари кесишмасидаги битта чорраҳага автоматлаштирилган замонавий видео ва фото қайд этиш камералари жамоат тартибини сақлаш, содир этилган жиноятларни иссиқ изидан фош қилиш фаолиятида қўлланилиши билан бир қаторда, чорраҳаларда светофорнинг ишораларига ва чизиқларига, тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларига, тезлик меъёрларига амал қилмаслик, транспорт оқимига қарама-қарши ҳаракатланиш, пиёдаларга йўл бермаслик каби қоидабузарликларни аниқлайди.
МЖТКнинг 171-моддасига асосан, камералар орқали қоидабузарлиги қайд этилган транспорт воситаларининг мулкдорлари маъмурий жавобгарликка тортилади. Бунда ҳуқуқбузарликнинг такрорийлиги инобатга олинмайди. Қоидабузарликлар юзасидан чора кўриш ишларини ташкил этиш мақсадида «Маъмурий амалиёт» электрон тизими йўлга қўйилган. Ушбу тизимда қоидабузарлик тўғрисида маъмурий баённома расмийлаштирилмасдан, жарима солиш тўғрисидаги қарор почта орқали 3 кун ичида транспорт воситаси эгасининг яшаш манзилига юборилади. Ҳуқуқбузар қарор чиқарилган кундан бошлаб 60 кундан кечиктирмасдан жаримани тўлаши лозим. Жарима ўз вақтида тўланмаган тақдирда, транспорт воситаси ДЙҲХХ томонидан вақтинчалик жарима майдонида ушлаб турилади.
Чорраҳаларда тўхташ чизиғига амал қилмаслик ва светофорнинг сариқ ишорасида ҳаракатланиш МЖТКнинг 1284-моддасига асосан светофорнинг қизил чироғига амал қилмаслик деб баҳоланиб, энг кам иш ҳақининг 2 баравари миқдорида жарима солишга асос бўлади.
Жарима тўлаш муддати ўтиб кетган транспорт воситалари давлат рақам белгилари Республика ҳудудидаги барча мунтазам ЙПХ ва милиция назорат масканларидаги ҳамда ЙПХ автопатрулларида мавжуд бўлган махсус электрон базаларга автоматик равишда онлайн тизими орқали рўйхатга олинади.
Ушбу автомашиналар ҳаракати аниқланган заҳоти жарима майдонига тортилади ва жарима ундирилгунига қадар ушлаб турилади. 60 кунлик муддат ичида тўлаш чорасини кўрмаган ҳуқуқбузарларнинг ишлари мажбурий ижро органларига юборилади.
Бу, ўз навбатида, солинган жаримага қўшимча тартибда тўловлар ундирилишига ёки қарздорнинг мол-мулки мусодара қилинишига сабабчи бўлади.
Ҳурматли ҳайдовчилар!
Унутманг, эндиликда транспорт воситаларида содир қилинадиган ҳар қандай қоидабузарликлар автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш камералари назоратидадир.
Шундай экан, йўл қоидасини бузиб, ўзингиз ва ўзгалар ҳаётига ҳамда ҳамёнингизга зиён етказишдан сақланинг!
Мухторжон ҚОСИМОВ,
туман ИИБ ЙҲХГ катта инспектори, капитан,
Фахриддин ЖЎРАЕВ,
маъмурий амалиёт инспектори, кичик сержант.

