Бармоқхўр
Ёшлигида сўрарди бармоқ,
Ҳанузгача этмабди канда.
Панжалари ҳаммаси оппоқ,
Холва сўрмас бармоқ турганда.
У улғайиб мансабга миниб,
Ёғли жойга ўрнашди, қаранг.
Ишлаганда кўзлари тиниб,
Яқинни ҳам кўрарди аранг.
-Қанд-қурсларни еганим билан,
«Чучимайди асло бу оғиз.
Бармоқларим гарчи бор экан,
Тугамайди ялаб-есангиз».
Унинг фикри, қарори қатъий,
Бармоғини оғиздан қўймас.
Деб бўлмайди сал оғзингни тий,
Бармоқхўрнинг оғзи тийилмас.
Тунов куни эшитдим, ажаб,
Беш бармоқни тиққан оғизга.
Шифокорлар қолибди асраб,
Бармоқхўрни мен айтсам сизга.
Бугун кўрдим, боғланган қўли,
Оғизда-чи “соска” – арзанда.
Еб тўймаган ялаб тўярми,
Хом сут эмган банда экан-да.
Абдумалик ЮСУПОВ.

