ЭСДАЛИК НИШОНЛАРИ ТОПШИРИЛДИ

Туманимизда ҳам халқимизнинг иродаси, орзу-истакларини ўзида мужассам этган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган куннинг 25 йиллиги кенг нишонланди.

6 декабрь куни байрамга тўёна сифатида топширилган туман ҳокимлигининг замонавий ва кўркам қиёфадаги мажлислар залида тантанали йиғилиш бўлиб ўтди. Унда туман ҳокимининг ўринбосарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг бошлиқлари, ташкилотлар раҳбарлари, меҳнат илғорлари, жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситаларининг вакиллари қатнашдилар.

Тантанали йиғилишни туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Илҳомжон Сатторов очди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янгради. Табрик учун сўз туман ҳокими, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Абдуғани Турдиевга берилди. Туманимиз раҳбари Бахтимиз Қомусининг ҳаётимизда тутган ўрни ва аҳамияти ҳақида нутқ сўзлаб, барчани байрам билан самимий табриклади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳақида туман прокурори в.б. Воҳиджон Нишонов, туман маъмурий суди раиси Бахтиёр Касимовлар маъруза қилишди. Туманимиз ёшлари номидан сўз олган Уйчи маиший хизмат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси, ёш ижодкор Машҳура Аҳмаджонова билдирилаётган юксак ишонч учун миннатдорчилик изҳор этди.

1 октябрь – «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» муносабати билан Президентимиз Фармонига кўра «Шуҳрат» медали билан тақдирланган 5-мактабнинг иқтисодий билим асослари фани ўқитувчиси Марҳабо Нуриддинова камтарона меҳнатларининг эътирофи уни янада ғайрат ва шижоат билан ишлашга ундаганини билдирди.

Таниқли шоир Зиёвиддин Мансур эзгу тилаклар билдириб, ижодидан намуна ўқиб берди.

Мамлакатимиз раҳбарининг жорий йил 10 октябрдаги Фармонларига асосан таъсис этилган «Ўзбекистон Конституциясига 25 йил» эсдалик нишони билан 114 нафар ҳамюртимиз тақдирланди. Уларга эсдалик нишонлари тантанали тарзда топширилди.

Тантанали йиғилиш туман маданият ва аҳоли дам олиш марказининг «Тарона» ашула ва рақс халқ ансамбли хонандалари, 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби истеъдод эгаларининг байрам дастури билан якунланди.