БУЮК ЮРТНИНГ БУЮК ҚОМУСИ
Конституциям –
Олий Қонуним,
Эй, эл-юрт шаъни нақш этилган китоб!
Сен –
Менинг ҳуқуқий дорилфунуним,
Сен –
Қалбим қаърини ёритган Офтоб!
Мен нечун фахр этмай
Ғурурга тўлиб,
Сен – ҳуқуқ бобида дастлабки маёқ.
Дунёда илк қомус –
«Тузуклар» бўлиб,
Салтанат илмидан бергансан сабоқ.
Истиқлол даврида
Ким сени илк бор
Яратган? -деб сўрса қачондир, кимдир
Жавоб шу:
Сени кашф этган ижодкор
Ислом Каримов ва она халқимдир.
Сен борсан –
Толеим,
Камолим юксак,
Ишонч-ла боқурман
Порлоқ эртамга.
Ҳар қандай минбарда
Мен кериб кўкрак,
Бахтимдан жар сола олгум оламга.
Сўзимни ҳеч ким маън этолмас,
Ҳатто
Ёвлар ҳам йўлимга қўя олмас ғов.
Асосим:
Ҳақ ишга берганинг фатво,
Асосим:
Эркимга бўлганинг гаров.
Кездим мен
Дунёнинг кўп давлатларин,
Юксалди дилдаги
Ғурур,
Ор-номус.
Чунки мен
Очиб кўп
Қомус қатларин
Кўрмадим сендан-да
Мукаммал қомус.
Эй, ҳуқуқ оламин экспертлари!
Қиёсланг,
Қиёсланг
Қомуслар аро!
Гувоҳдир
Қуёш,
Ой,
Гувоҳ
Ер шари,
Қомус йўқ
Бизларнинг
Қомусдан аъло!
Не-не халқ,
Эллар ҳақ-ҳуқуқ ғамин еб,
Ҳамон хор-зор яшар,
Минг бор таассуф.
Шул эваз бизларга кўз тегмасин, -деб.
Рости гап,
Гоҳ қилгум келади «суф-куф».
Дунёнинг бирон бир мамлакатида
Фуқаро йўқ биздай
Эртаси гулгун.
Боиси:
Қудратли куч сифатида
Эътироф этилар бизларда қонун.
Юртдошлар!
Биз чун бахт –
Омад барқарор,
Яқиндир бундан-да ёрқин келажак!
Бўлса гар шу тахлит қонун устувор,
Бизнинг юрт,
Албатта,
Буюк бўлажак!
Шул эваз дилларда
Жўшар муттасил
Юксалиш туйғуси –
Ўсиш туйғуси.
Бунга мард элим ва
Сен –
Ўзинг кафил,
Эй, буюк юртимнинг
Буюк Қомуси!
Зиёвиддин МАНСУР.

