ЮКСАК ЭЪТИБОР ШИЖОАТГА УНДАЙДИ
Ривоят қилишларича, Аллоҳ таоло инсонни яратиш учун ернинг камтарлиги, хокисорлиги боис тупроқни танлаган экан. Мана шу энг улуғвор хислатни ўзида мерос қилган касб эгаси бу, албатта, деҳқондир.
Ҳеч маҳал кўкрагини керган, манмансираган деҳқонни кўрганмисиз? Йўқ. У доим ер билан бирга нафас олгани, тиллашгани боис ҳам камтарин, камсуқум. Давраларда ўзидан ёшни ҳам тўрига ўтказиб, пойгакда қолиб кетади. Катта-ю кичикка олдин салом бериб, эгилади. Қимматбаҳо, сервиқор либосда диққинафас бўлади. Ҳеч қачон оғиз кўпиртириб мақтанмайди. Мақтансаям, мўл ҳосил етиштиргандагина мақтанади. Шундаям эл-юртнинг ризқ-насибаси учун қувонади. Ҳа, ушбу хусусиятлар фақатгина бободеҳқонгагина тааллуқли.
Президентимиз ташаббуслари билан ҳар йили декабрь ойининг иккинчи якшанбаси – қишлоқ хўжалиги ходимлари куни сифатида нишонланадиган бўлди. Ҳукуматимизнинг бундай юксак эътибор ва эҳтироми соҳа ходимларига шижоат бағишлаб, уларни янги марралар сари янада илҳомлантирди.
Қуйида туманимиз қишлоқ хўжалигининг турли жабҳаларида ҳамкасбларига ўрнак бўлаётган, фидокорона меҳнатлари самараси ўлароқ, обрў-эътибор топган ҳамюртларимизга сўз берамиз.
Рислиқхон ОХУНЖОНОВА,
“Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси.
-Қирқ тўрт йиллик меҳнат фаолиятим қишлоқ хўжалик соҳасида кечди. Давлатимиз ва халқимиз томонидан камтарона меҳнатларим доимо юксак баҳоланиб келган. 1997 йилда «Шуҳрат» медали, 2009 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирландим.
Бугунги кунда ҳам соҳанинг қайноқ жабҳасидаман. Авваллари ерга агротехник ишлов беришда кимёвий препаратлардан фойдаланилган. Эндиликда биологик усулнинг сифат ва самараси юксаклигини эътиборга олиб, биофон яратиш устида изланмоқдамиз.
Кўп соҳа эгаларининг касб байрами бор. Аммо қишлоқ хўжалиги ходимларининг байрами бўлганлигини эслолмайман. Соҳага бўлган юксак эътибор учун Юртбошимизга минг раҳмат.
Элимизнинг бизга бўлган эъзоз-эҳтироми доимо қанот бўлиб, юртимиз дастурхонини тўкин қилиш йўлидаги меҳнатимизда қўшимча қувват беради.
Ваҳобжон МИРЗАЕВ,
«Уйчи парранда» МЧЖ раиси.
-Паррандачиликнинг юртимизда ҳам узоқ тарихи мавжуд. Бироқ бу соҳа мустақиллик йилларида бутунлай ўзгача шакл-шамойилга эга бўлди. Эндиликда рақобатбардош бўлиш учун ҳам тинмай изланиш, соҳага доир энг сўнгги инновациялардан воқиф бўлиб, ҳаётга татбиқ этиш, қолаверса, истеъмолчи талаб ва таклифларига мослашиб иш кўришгина бозор муносабатлари шароитида ютуқларимизни кафолатлайди.
Асосан, гўшт ишлаб чиқаришга ихтисослашган жамиятимиз ўз фаолиятида бир неча бор инқироз кўчасига кириб улгурди. 2010 йилда Миллий банкдан 200 млн. сўм кредит ҳамда ўз сармоямиз эвазига буткул тўхтаб қолган ишимизни қайта жонлантирдик. 2014 йилда эса 5 млрд. 269 млн. сўм кредит маб-лағи ҳисобига замонавий ускуналар билан қайта жиҳозланган цехимизда бозор талабларига монанд маҳсулотлар етиштира бошладик. Ҳозирда 15 та ишчи ўрни яратилди. Ўтган йили нафақат вилоятимиз, балки водий вилоятлари ва Тошкент шаҳри аҳолисига жами 1050 тонна товуқ гўшти етказиб берилди. Жорий йилда ушбу кўрсаткични 1200 тоннадан оширишни кўзлаганмиз. Аҳолимизга янги йил байрам дастурхонига арзон ва сифатли маҳсулот етказишни мақсад қилганмиз. Бундан ташқари, янги қурилган 18х96 метр ҳажмдаги 6 та бинода Венгриядан келтирилган 50 минг бош зотли парранда парваришланмоқда.
Камтарона меҳнатларимни эътиборга олиб, “Ўзбекистон Конституциясига 25 йил” эсдалик нишони билан тақдирланишим менга яна куч-ғайрат бағишлади.
Абдурашид ШАРИПОВ,
«Миришкор Ғайрат» фермер хўжалиги раҳбари.
-Хўжаликни 2008 йилдан бери бошқариб келаман. Бу йиллар давомида пахта ва ғалла бўйича шартномавий режани ортиғи билан бажардик. Бунда хўжаликда мен қатори самарали меҳнат қилаётган 54 нафар соҳа жонкуярининг муносиб улуши бор, деб ўйлайман. Жамоамизнинг шиори: «Юқори ҳосилдорлик – фаровонлик кафолати».
Жорий йилда ҳам бизга янги «Султон» навини эксперимент тарзида ишониб топширилди. Мавжуд 42,3 гектар майдондан ўртача 40,2 центнердан ҳосил олдик. Халқимиз олдида юзимиз ёруғ бўлди.
Байрамни кўтаринки руҳ ва юқори кайфиятда қаршилаяпмиз. Фурсатдан фойдаланиб, қишлоқ хўжалиги жонкуярларини чин юракдан муборакбод этаман. Эл-юрт дастурхонини тўкин қилишдаги самарали ва заҳматли ишларига барака тилайман.

