«ТЕЗ ЁРДАМ»ГА РЕАНОМОБИЛЬ
Мамлакатимиз раҳбарининг шу йил 16 мартдаги «Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 4985-сонли Фармони ижросини таъминлаш борасида туманимизда ҳам ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
-Бугунги кунда «Тез ёрдам» бўли-мимиз ва унинг жойлардаги 10 та шохобчаси туманимизнинг икки юз мингдан ортиқ аҳолисига хизмат кўрсатади, -дейди туман тиббиёт бирлашмасининг «Тез ёрдам» бўлими мудири Акбарали Исмоилов. – Шу йилнинг ўтган даврида 13 та «Тез ёрдам» машинасидан 7 таси янгиланди. Конституция куни арафасида бўлимимизга Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилган HYUNDAI реаномобили келтирилди. Баҳоси 224 миллион сўм турадиган ушбу реаномобилнинг афзаллиги шундаки, у беморга тез ва самарали биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш имконини беради. Қолаверса, автомашинага мукаммал тиббий жиҳоз ва аппаратлар ўрнатилгач, реанимацион ва махсус тиббий ёрдам ҳам кўрсатилади. Яъни, тез тиббий ёрдам бригадаси оғир аҳволдаги беморга қон тўхтатиш, сунъий нафас олдириш ва бошқа кичик амалиётларни йўлда, шифохонага етгунга қадар амалга ошириши мумкин бўлади.

