МУСТАҲКАМ ҲУҚУҚИЙ ҲИМОЯ
Шиддатли тараққиёт замонаси шуни кўрсатмоқдаки, ўзаро муносабатлардаги ҳамкорлик дунё миқёсидаги тинчлик-тотувликни мустаҳкамлашга эътибор қаратилиши нақадар муҳим эканига ишора бермоқда. Бунда ҳар бир мамлакат, халқ манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, алоқаларни мустаҳкамлаш долзарб аҳамият касб этади.
Юртимизда инсон манфаатлари тамойилига асосланган кенг кўламли ислоҳотлар негизида рўй бераётган эврилишлар Ўзбекистоннинг нафақат ички, балки ташқи сиёсатда ҳам эътироф этилишига замин яратмоқда. Ўзаро манфаатли алоқалар замирида тинчлик-тотувлик, тараққиёт, фаровонлик, дўстлик ришталарининг мустаҳкамланишига асос бўлмоқда. Ҳақиқатан ҳам, ҳақиқий суверен давлатнинг Асосий Қонунида давлат ва жамият қурилишининг тамойиллари, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият тараққиётининг иқтисодий асослари ҳамда стратегик йўналишларини мустаҳкамлаш бош масаладир. Шу боис, адолатли давлат, фаровон жамият ва эркин ҳаёт каби халқимизнинг эзгу орзусини ўзида мужассам этган Конституциямизнинг барчамиз учун нақадар муқаддаслигини алоҳида эътироф этган бўлардим.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тарихда синалган, халқаро ҳамжамият эътироф этган умуминсоний ва умумбашарий ҳуқуқий қадриятларни ҳамда халқаро меъёрларни ўзида мужассамлаштирганлиги билан ҳам демократик Конституциядир.
Дарҳақиқат, Конституциямиз миллий анъаналаримиз, бугунги дунё эришган ютуқлар, андозаларга муносиблиги билан ҳар қанча фахрлансак, арзийди. Ўз навбатида, бу фахр ва ифтихор туйғуси қалбларимизда Конституциямизга ҳурмат, ватанпарварлик ва инсонпарварликни қарор топдиради. Бу эса халқнинг садоқатини мустаҳкамлайди.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, энг аввало, жамиятимиз ҳаётининг мезони бўлган Конституцияни чуқур ва ҳар томонлама ўрганишимиз, унинг талаблари ва меъёрларини онгимизга сингдиришимизни бугунги куннинг ўзи талаб қилади.
Чунки Ўзбекистон Республикаси Конституцияси бу – истиқлол ва мустақил Ватанимиз рамзи. Юртимизда яшаётган, миллати, тили ва эътиқодидан қатъи назар, барча инсонлар учун мустаҳкам ҳуқуқий ҳимоя.
Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни қутлуғ сана ва улуғ айём – Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллиги билан самимий муборакбод этаман. Элимизга ободлик, озодлик, бахт-саодат, тинчлик-осойишталик ҳамиша ҳамроҳ бўлсин.
Раҳмонжон АБДУЛЛАЕВ,
туман прокурорининг катта ёрдамчиси лавозимида иш ўрганувчи.

