ТАРҒИБОТ ГУРУҲИ – ТУМАНИМИЗДА
Ўтган душанба куни 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида Конституциямизнинг 25 йиллигига бағишланган тарғибот тадбири бўлиб ўтди. Уни вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи, шоир ва публицист Зиёвиддин Мансуров очди ва олиб борди.
Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази ходими Акмал Мамажонов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси кафедра мудири Ойбек Турғунов, Тошкент кимё технология институти доценти, филология фанлари номзоди Ойбек Сирожовларнинг Конституция тарихи, Бош Қомусимизнинг мустақил юртимиз ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ҳаётидаги ўрни, Асосий Қонунимизнинг ҳар бир фуқаронинг фаровон ҳаёти кафолати экани, шу боис Конституциянинг муқаддаслигини аҳолининг барча қатламига етказиш, кишилар онг-тафаккурига сингдириш каби масалалардаги маърузалари тингланди. Иштирокчиларни қизиқтирган мавзулар бўйича мулоқотлар уюштирилди.
Кечага ташриф буюрган Ўзбек Миллий академик драма театрининг актрисаси Муяссар Бердиқулова ижросидаги монолог барчага хуш кайфият улашди.
Дилмурод АБДУҚАҲҲОРОВ,
Республика Маънавият – тарғибот маркази туман бўлими мутахассиси.

