ФАРОВОН ТУРМУШ АСОСИ

Биз қураётган янги жамият, ҳаётимизга тобора кириб келаётган янгиланиш жараёнлари, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг тақдири ва келажаги, аввало, халқимизнинг бу ўзгаришларни қўллаб-қувватлашига, одамлар дунёқараши ва фаоллиги, уларнинг онгу тафаккурининг юксалишига боғлиқдир.

Бугунги кунда келажаги буюк давлат, ҳеч кимдан кам бўлмайдиган жамият қуриш каби мақсад йўлида эришган ютуқларимизни бутун дунё тан олмоқда.

Албатта, бундай ютуқларга эришиш учун, биринчи навбатда, бизда демократик принциплар асосида яратилган Конституциямизнинг мавжудлиги асос бўлди десак, ҳеч ҳам янглишмаймиз.

«Конституция» атамаси ўзининг тарихига эга. Масалан, қадимги даврларда «конституция» сўзи сиёсий тузумни билдирган. XVII асрда Францияда бу сўз орқали рента, рента шартномаси ифодаланган, сўнгра қадимги юнонча маъносига қайтилиб, ҳуқуқ билан белгиланган давлат тузилишини ифодалайдиган бўлганлар. Буюк француз инқилоби арафасида «конституция» атамаси билан «давлатнинг тузилишини» ифодалай бошлаганлар.

Ҳар бир инсоннинг яшаш, эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқи, айбсизлик презумпцияси, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги, ҳеч кимда унинг розилигисиз тиббий ёки илмий тажрибалар ўтказилиши мумкин эмаслиги, ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва тураржойи дахлсизлиги ҳуқуқи, ҳеч ким қонун назарда тутган ҳоллардан ва тартибдан ташқари бировнинг турар жойига кириши, тинтув ўтказиши ёки уни кўздан кечириши, ёзишмалар ва телефонда сўзлашувлар сирини ошкор қилиши мумкин эмаслиги, Ўзбекистон Республикаси фуқароси республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, Ўзбекистон Республикасига келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эгалиги (чеклашлар бундан мустасно), фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги, ахборот излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқи, фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги, виждон эркинлиги каби ўнлаб ҳуқуқларимиз Конституцияда шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар сифатида мустаҳкамлаб қўйилганлигини кўришимиз мумкин.

Наргиза ЖЎРАЕВА,

туман давлат архиви архивчиси.