ВАСИЙЛИК ВА ҲОМИЙЛИК
Васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган Қонун 9 боб, 50 моддадан иборат бўлиб, миллий қонунчилигимизнинг илғор тажрибалари ҳамда замонавий халқаро ҳуқуқий нормалар уйғунлиги асосида ишлаб чиқилган.
Шу ўринда «васийлик» ва «ҳомийлик» тушунчаларига ойдинлик киритиб ўтсак. Васийлик – ўн тўрт ёшга тўлмаган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни, шунингдек, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқароларни уларга таъминот, тарбия ва таълим бериш, уларнинг мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий шакли ҳисобланади. Ҳомийлик – ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни, шунингдек, суд томонидан муомала лаёқати чекланган фуқароларни уларга таъминот, таълим-тарбия бериш, мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида жойлаштиришдир.
1 декабрь куни туман халқ таълими бўлимида «Васийлик ва ҳомийлик органларида иш ҳужжатларининг юритилиши» мавзусида вилоят ўқув-семинари бўлиб ўтди. Уни туман халқ таълими бўлими мудири Ҳусниддин Маҳмудов очди ва олиб борди.
Шунингдек, йиғилишда «Васийлик ва ҳомийлик» ишларини ташкил этишда амалга ошириладиган ишлар тўғрисида вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Х.Абдураҳмонов, «Васийлик ва ҳомийлик органларида иш ҳужжатларини юритилиши» ҳақида туман васийлик ва ҳомийлик органи мутахассиси Н.Зокироваларнинг маърузалари тингланди.
Семинарда вилоят прокуратурасининг вояга етмаганлар бўлими прокурори М.Сиддиқжонов иштирок этиб, муаммоли вазиятлар юзасидан саволларга жавоб қайтарди.

