ОЛАМ УНИНГ ОЛДИДА ЧОРАСИЗМИ?
Инсоният халқаро терроризм, диний экстремизм ва радикализм каби иллатлар туфайли таҳлика ичида қолди.
Дунёдаги ҳеч қайси мамлакат ёки жамият бугунги кунда террористик ва диний экстремистик ташкилотлар учун нишон бўлмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Терроризмнинг халқаро миқёсда тарқалиши шундан иборатки, уларнинг амалга оширадиган терактлари тўғрисидаги қарор ва йиғилишлари бир давлат ҳудудида амалга оширилса, унга тайёргарлик кўриш ва амалга ошириш иккинчи давлат ҳудудида бажарилади. Бундай ваҳшиёна фаолият, асосан, сиёсий мақсадларда – ҳокимиятни эгаллаш, давлатни парокандаликка учратиш учун амалга оширилади.
Марказий Осиёга диний экстремизмнинг кириб келишида Афғонистон давлати дарвоза вазифасини ўтамоқда. Минтақамизда бундай таҳдидларнинг юзага келишига «қайта қуриш» давридаги нафақат сиёсий ва иқтисодий инқироз, балки мафкуравий парокандалик ҳам сабаб бўлди. Бундан ташқари, эътиборли диний уламолар ўрнини сохта «исломчилар» эгаллаб, улар томонидан Ислом дини асослари бузиб талқин қилиниши бошланди. Аҳолининг Ислом динига қизиқишидан фойдаланиб, халқаро диний экстремистик марказлар томонидан минтақада диний мутаассиблик руҳидаги адабиётларни тарқатиш кенгайтирилди.
Глобал терроризм индексида Афғонистон 2016 йилда Ироқдан сўнг иккинчи мамлакат сифатида қайд этилди. Бу эса ён қўшнимиз бўлган афғон халқи ҳамон терроризм балосидан азият чекаётганлигидан дарак беради. Бу бизни ҳам хавотирга солади, албатта.
Терроризм ва диний экстремизмга қарши курашда ғоявий тарбия, фуқаролик масъулияти, эътиқод, иймон, ҳуқуқий маданият, ота-оналар саводхонлиги, анъаналар, таълим даргоҳларининг етакчилик ролини ошириб бориш талаб этилади. Шундагина халқимиз террористик ҳамда диний экстремистик гуруҳларнинг тузоғига тушиб қолмайди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган араб-мусулмон давлатлари ва АҚШ саммитида ҳамда Пекин шаҳрида ташкил этилган «Буюк Ипак йўли» саммити доирасидаги «Бир макон, бир йўл» халқаро форумида иштирок этиб, уч ёвуз куч: халқаро терроризм, диний экстремизм ва радикализмга қарши биргаликда кураш олиб бориш бирдан-бир нажот йўли эканлигини таъкидладилар.
Дарҳақиқат, бугунги кунда айни шу масалада Ўзбекистон ҳамда бошқа мамлакатлар ўртасида қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.
Хулоса ўрнида яна бир фактни эслаб ўтмоқчимиз. БМТнинг Нью-Йоркдаги штаб квартираси пештоқида Шайх Саъдий Шерозий қаламига мансуб ушбу фикрлар битилган: «Одам болалари ибтидода бир гавҳардан бино бўлганки, шу туфайли яхлит бир вужуд кабидир. Бинобарин, унинг бир аъзосига жароҳат етказилса, бошқа аъзолари озор чекади». Албатта, дунёдаги барча давлатлар ўзаро боғлиқ ҳолда ҳаракат қилсагина, нафақат терроризм, балки бошқа глобал муаммоларга ҳам самарали ечим топилади.
Абдураҳим МЎМИНОВ,
туман Кенгаши депутати.

