ЭСКИ УСЛУБ ЭНДИ ИШ БЕРМАЙДИ

Истиқлол йилларида қишлоқ хўжалигида ҳам жаҳон андозаларига монанд ислоҳотларга қўл урилди, янгиликлар ҳаётга татбиқ этилди. Аммо, очиғини айтиш жоизки, айрим ўринларда иш услуби эски собиқ иттифоқ тузумидан мерос қолган йўсинда борарди. Биргина пахтачилик соҳасини олиб қарайлик. Куз келди, дегунча маорифчилар, тиббиёт ходимлари, талабалар, ўқувчилар асосий иш фаолиятларини четга суриб, пайкалларга шўнғиб кетишган. Ҳосилнинг сўроқ-саволи соҳа мутасаддилари четда қолиб, айнан бюджет ташкилотлари зиммасида бўлганиям ҳеч кимга сир эмас.

Жорий мавсумда мана шу алмисоқдан қолган услуб таг томири билан парчалаб ташланди. Пахта йиғим-теримида мутлақо янгича тизим жорий қилинди ва бу қандай натижа берганига ҳаммамиз ўзимиз гувоҳ бўлдик.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида сўзлаган нутқларида ушбу масалага яна бир бор эътибор қаратилди. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалигининг барча соҳаси Юртбошимиз назарларидан четда қолмади. Биргина жорий йилнинг ўзида қишлоқ хўжалигига оид 5 та қонун, 20 дан ортиқ фармон ва қарор қабул қилингани, 5 та янги қўмита ва уюшма тузилганининг ўзиёқ барча куч ва имкониятлар амалий натижа ва самарадорлик учун сафарбар этилаётганидан дарак беради.

Маърузада таъкидланганидек, ўлкамиз серқуёш, тупроғимиз унумдор, сув захираси меъёрида. Галдаги вазифа масалага илмий жиҳатдан ёндашиш, ҳар қарич ердан унумли фойдаланишдан иборат. «Ўзингизга маълум, ҳар қарич ер – давлатнинг, демакки, халқимизнинг бебаҳо бойлиги ҳисобланади. Ундан ноқонуний, ўзбошимчалик билан фойдаланишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Афсуски, ана шу оддий ҳақиқатни тушуниб етмаган ёки тушунишни ва унга амал қилишни истамаётганлар ҳамон учраб турибди», -дея таъкидладилар Президентимиз.

Барчамиз бу дунёда эзгу ва пок ниятлар билан яшаяпмиз. Шу боис Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатидан кўзланган асосий мақсад халқимиз қалбидаги эзгу орзу-ниятларни амалга оширишга қаратилган. Бас, шундай экан, юртимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, эртанги истиқболини белгилашда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қиладиган Президентимизнинг нутқлари ҳар бир ҳамюртимизнинг қалбидан жой эгаллаб, фаолиятини бугунданоқ тубдан такомиллаштиришга, сидқидил меҳнат қилишга туртки бўлишига ишончим комил.

Насибахон СОБИРОВА,

туман Кенгаши депутати, ЎзХДП туман кенгаши фаоли.