ҚЎШ ШОДИЁНА

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни туманимизда ҳам кенг тантана қилинди.

«Танҳо» тантаналар мажмуасида бўлиб ўтган байрам тадбири қўшалоқ шодиёнага – «Ҳосил байрами»га ҳам уланиб кетди. Шу куни қишлоқ хўжалиги фахрийлари, соҳа фидойилари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, соҳага дахлдор ташкилотлар раҳбарлари, пахта йиғим-теримида фаол қатнашган жамоалар, илғор теримчилар вакилларига алоҳида эҳтиром кўрсатилди.

Тантанада туман ҳокими, туман Кенгаши депутати Абдуғани Турдиев сўзга чиқиб, дастурхонларимиз тўкинлиги, юртимиз ободлигига ҳисса қўшаётган ризқ-рўз бунёдкорларига эзгу тилаклар билдирди. Юзга яқин илғор соҳа эгалари, фаолларга совғалар топширди. Жумладан, «Ровот ирригатор» СИУ раиси Раҳимжон Сиддиқов, «Ал Машхад саховат файз» фермер хўжалиги раҳбари Улуғбек Абдусамиев, «Сарвиноз Гулистон» фермер хўжалиги раҳбари Турсуной Йўлдошеваларга қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.

Байрам дастурхони атрофида барча дилдан суҳбат қуриб, дилтортар куй-қўшиқларга рақсга тушди. Туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази қошидаги «Тарона» ашула ва рақс халқ ансамбли санъаткорлари, таниқли хонанда Комилжон Неъматов, Наманган шаҳридаги «Жило» рақс ансамбли раққосалари маданий хизмат кўрсатдилар.

Бу йил илк бора нишонланган байрам унутилмас ва эсда қоларли тарзда ўтди.