«ТАСИР-ТУСИР» АВЖ ОЛМАСИН

Янги йил ўзига хосликлари билан бошқа байрамлардан ажралиб туради. У бир кунгина эмас, эски йилнинг сўнгги ва янги йилнинг биринчи ҳафтасида тантана қилинади. Унинг шукуҳи бир неча кун давом этгани боис, назаримизда, пиротехника воситаларининг олди-сотдиси айнан ушбу айём арафасида авж олади. Тўғри-да. Бир кунда ўтиб кетадиган тантанада қанча маҳсулотни реализация қилиш мумкину, бу савдо бир неча ўн кун, ҳатто ойга чўзилганда, унинг салмоғи қанчалар ортади. Олғир ишбилармон мана шу жиҳатларни эътиборга олмай қўймайди.

Аммо ушбу ҳақиқатни англаб етиб ҳам ўша тадбиркорнинг ҳамёнини қаппайтиришга интилганимиз кулгили.

Ҳеч маҳал оддий қоғоздан кема ясаб, сувга оқизганмисиз? Ажойиб манзара, тўғрими? Ясама кема кўздан ғойиб бўлгунча, беихтиёр нигоҳингиз билан кузатиб турасиз. Энди эътибор беринг. Шу кемани қоғоз пул купюрасидан ясаб, сувга қўйиб юборасизми?

Қайси тентак бундай аҳмоқгарчиликка қўл уради? -деб юбордингиз беихтиёр. Жудаям тўғри. Ақли расо киши бу ишни қилмайди. У ҳолда яна бир мантиқий савол туғилади: Нега пулингизни маълум муддат қоронғуликда чўғ бўлиб туриши учун осмонга учирасиз? Ёки сониялар ичида «тасир-тусир», «пақ-пуқ» овоз бериши учун сарфлайсиз? Буларнинг пулдан кема ясаб, сувга қўйворишдан нима фарқи бор? Ҳар икки ҳолатдаям меҳнат билан топган пулингиз бесамар кўкка совурилади.

Афсуски, иккинчи мисол, яъни пиротехникага сарфланган пул ўз ортидан доимо кимгадир нохушлик келтиради. Бундай кўнгилсизликлардан эса сиз қувонч улашмоқчи бўлган фарзандларингиз ҳам бебаҳра қолмайди.

Азиз ҳамюртлар! Янги йил, биз бошида айтганимиздек, барчага қувонч, шодлик улашувчи айём. Янги йилни қандай кайфиятда кутиб олсак, йил бўйи у бизга ҳамроҳ бўлади. Шу боис, фарзандларимизга бироз эътиборсизлигимиз ёки уларнинг истакларига мойиллигимиз боис, пиротехника ортидан келадиган дилхиралик байрамона кайфиятимизга путур етказмасин.

Абдулҳаким НИШОНОВ.