ҲУҚУҚИМИЗНИ БИЛАЙЛИК, БУРЧИМИЗНИ УНУТМАЙЛИК

Ўзбек халқи тарихида кескин бурилиш ясаган, аҳамияти жиҳатидан асрларга татигулик ҳужжатлар қаторида Асосий Қонунимиз – Конституциямизни алоҳида эҳтиром билан тилга оламиз. Мустақил давлатчиликнинг белгиси ҳисобланмиш Конституция, аввало, миллатнинг юзи, халқнинг эркин ифодаси, жамият тараққиётининг асосидир.

Конституция – Асосий Қонун сифатида барча қонунчилик соҳаларининг бош манбаи бўлиб, унда халқнинг олий иродаси ўзининг ифодасини топган. Унда нафақат инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари, балки бурчларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган.

Бугунги кунга қадар Конституциямиз асосида 800 дан ортиқ қонун, 13800 га яқин Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор, фармойишлари, 15000 дан ортиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, 3000 га яқин вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг норматив тусдаги қарор ва буйруқлари қабул қилинганлигининг ўзи Конституциямизнинг нақадар халқчил эканлигини исботлаб турибди.

Биргина Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 майдаги «Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5059-сонли Фармонига асосан, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси органлари ташкил этилди ва ҳозирги кунда Бюронинг Наманган вилояти бошқармаси тизимида меҳнат қилаётган 700 дан ортиқ ходим томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 16 ноябрдаги «Сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5241-сонли Фармони ҳам Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга оширишга қаратилган яна бир ҳуқуқий ҳужжат бўлиб ҳисобланади.

Мазкур Фармонга асосан, сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш соҳасида бошқарув тизимини назорат ва ҳисобга олиш механизмларини тубдан такомиллаштириш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига сувдан ноқонуний фойдаланиш, водопровод ва канализация тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш, сув учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини, истеъмолчиларнинг қарздорлиги камайтирилишини таъминлаш, сув истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг замонавий автоматлаштирилган тизимини жорий этиш жараёнини мониторинг қилиш, сувни сотиш ва истеъмол қилишнинг ҳисобини юритишда иштирок этиш каби қўшимча вазифалар юклатилди.

Мазкур норматив ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилган тадбирлар «Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар» деган Конституциявий тамойилини амалда қарор топтиришнинг сифат жиҳатидан янги тизими жорий этилишининг ҳуқуқий асоси бўлди, десак асло муболаға бўлмайди.

Шерали МАМАРИЗАЕВ,

Мажбурий ижро бюроси Уйчи туман бўлими бошлиғи, адлия маслаҳатчиси.