Мовий кўз
Кўрдим – тинчимни олди,
Юракка оташ солди,
Ёддан кетмайин қолди
Мовий кўз ўшал малак.
Кўзи кўз қамаштирар,
Ҳам сўздан адаштирар,
Аҳволим этар баттар
Мовий кўз ўшал малак.
Зулфидан бошда савдо,
Шундан мен мажнуннамо,
Айлар рўзгорим қаро
Мовий кўз ўшал малак.
Қилди лаби бағрим қон,
Кўксимда қайнар вулқон,
Бунча ҳам офатижон
Мовий кўз ўшал малак.
Муҳаббатим биларми,
Қалбга ошно бўларми,
Ё устимдан куларми
Мовий кўз ўшал малак?
Ҳосил бўлгай муддао,
Айласа тарки жафо,
Боғласа аҳду вафо
Мовий кўз ўшал малак.
Ўринбой МЎМИНОВ.

