НАЗАРИЯ АМАЛИЁТГА МОС БЎЛСИН
Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 22 декабрь кунги халқимизга тўғридан-тўғри Мурожаатномасини барча ҳамюртларим қатори тинглаб, ўзим учун зарур вазифаларни белгилаб олдим.
Бугун Ўзбекистон чинакам халқпарвар, изчил демократик йўлдан боришни олдига мақсад қилди. Бу эзгу ишнинг бошида Юртбошимиз турибдилар. Авваллари Хитой, Япония, Сингапур, Малайзия каби бир қатор ижтимоий-иқтисодий мустаҳкам давлат тузилмасига эга мамлакатларга ҳавас қилардим. Чунки ушбу давлатлардаги ислоҳотларнинг бошида мамлакат раҳбари етакчи бўлган.
Шукрки, биз ҳам ана шундай даврга қадам босмоқдамиз. Мамлакатимиз раҳбарининг жамиятимиздаги камчилик ва нуқсонларни рўй-рост очиб ташлаганлари, аччиқ ҳақиқатни яшириб, натижага эришолмаслигимиз ҳақида куюниб гапирганликларини эшитиб, ким ҳам таъсирланмади, дейсиз. Ҳар бир соҳа, ҳар бир йўналиш ҳукуматимиз раҳбарининг ўткир нигоҳларидан четда қолмади. Муаммолар, ечимини кутаётган масалалар ижросига қаттиқ эътибор қаратилди.
Ўтаётган йилимиз тарихий воқеаларга бой бўлди. Юртимиз ҳаётидаги муҳим ҳужжат – Президентимизнинг Мурожаатномаси ушбу ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Унда алоҳида эътибор қаратилган коррупция, кўзбўямачилик, сохта рақамлар ортидан қувиш, назария билан амалиётнинг номутаносиблиги каби муаммолар бугун ҳар бир соҳага тегишлидир.
Шу боис, ушбу Мурожаатномадан келиб чиқиб, ҳар бир раҳбар, унинг ўринбосари, мутасадди ходими ўз иш услубини қайтадан кўриб чиқиши, янгича ёндашиши, давр нафасини ҳис этиши лозим. Биз ўз ишимизни қайта кўриб чиқмай туриб, халқни ортимиздан эргаштира олмаймиз, уларга Ўзбекистон аталмиш буюк юртнинг эртанги истиқболини мустаҳкамлаш учун сафарбар этишга ожизлик қиламиз.
Зулхумор КАРИМОВА,
халқ депутатлари туман Кенгаши депутати.

