БУГУН ЯХШИ ЯШАШИМИЗ КЕРАК
Юртбошимиз таклифлари билан янги 2018 йил «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» деб эълон қилинди.
Йилга мана шундай ном берилиши давр тақозосидан келиб чиқди, десак асло муболаға эмас. Юртимизда тадбиркорлик ва ишбилармонликни қўллаб-қувватлаш, уни ривожлантириш борасида бир қанча қонунлар, ҳукумат қарорлари қабул қилинди. Бироқ мазкур ҳужжатларнинг ҳаётга тўлақонли татбиқ этилмагани боис, дунё иқтисодий интеграцияси даражаси билан қаралганда анча оқсаётганини барчамиз кўриб турибмиз. Бунга Президентимиз ўз маърузаларида алоҳида урғу бериб ўтдилар.
Маърузада таъкидланганидек, серқуёш ўлкамиз, унумдор тупроғимиз, яратувчан, меҳнатсевар халқимиз бор. Аммо ишга илмий нуқтаи назардан ёшдашиш масаласи оғриқли нуқта бўлиб қолмоқда. Ҳақиқатан ҳам, тадбиркорлик ривожланса, янги ишчи ўринлари яратилади, бандлик таъминланади, бозорларимизда рақобатбардошлик муҳити юзага келади, экспорт салоҳияти ортади ва буларнинг замирида иқтисодиётимиз юксалади.
Ялпи ички маҳсулотнинг аҳоли жон бошига нисбатига кўра дунёнинг 187 та мамлакати орасида 130 таликка ҳам кира олмаганимиз бугун айни ҳақиқат. «Халқимиз қачон яхши яшаши керак? У бугун яхши яшаши керак!» -дея таъкидладилар Юртбошимиз. Мана шу ғоя ҳар бир ҳамюртимиз фаолиятида шиор бўлмоғи керак, шундагина халқимизни рози қиламиз.
Муҳаммаджон ЗАЙНИДДИНОВ,
халқ депутатлари туман Кенгаши депутати.

