ТЕНГСИЗ МУАЛЛИМ
Китоб инсонга ўзаро бир-бирларини тушунишга ёрдам беради. Сиз ўзга бир инсоннинг ҳаётига кириб борасиз. Ўйлаб кўринг, бошқа бир инсоннинг ўрнида бўлишни истармидингиз? Умуман кўрмаган жойларингизга саёҳат қилишни-чи? Ҳаётда янги тажрибаларга эришишни-чи? Бу сиз ўйлаганчалик қийин иш эмас. Шунчаки китоб ўқиш керак, холос. Ўқиш инсоннинг сўз бойлигини оширадиган, уни тўғри талаффуз қилдирадиган ва ёздирадиган энг оддий услуб ҳисобланади.
Сизда дунёқарашингизни ўзгартириш нияти бўлмаса ҳам ён-атрофдагилар сизнинг ўзгарганлигингизни дарров пайқайди. Сиз қизиқарли ва яхши суҳбатдошга айланасиз. Китоб бизларга ҳиссиётларни, бошқа инсонларнинг дунёқарашини ўргатади. Оқибатда сиз туйғуларни яхши ҳис қиладиган ва бошқаларнинг дардига ҳамдард бўладиган инсонларга айланасиз. Ҳаётингизда зулм кўрмаган, қўпол муомалага дуч келмаган, камбағаллик нима эканини билмаслигингиз ёки жавобсиз муҳаббат нима эканини тасаввур ҳам қилмаслигингиз мумкин. Китоб эса шуларни ҳис қилишни, ён-атрофга ўзгача назар билан қарашни ва бўлаётган воқеаларни қизиқиш билан кузатишни ўргатади. Сиз дунёга, одамларга ўзгача назар билан қарашни бошлайсиз.
Қайси жанрдаги китобларни ўқишингиздан қатъи назар, жуда кўп нарсаларни билиб оласиз. Бу тарих, психология, маданият, руҳият, уруш оқибатлари, инсонларнинг бир-бири билан муносабатлари ва ҳаётингизда зарур бўладиган турли маълумотлар бўлиши мумкин. Кўп нарса билишни хоҳлайсизми? Фалсафа, психология, оммавий-илмий ада-биёт ва биографияларни ўқинг. Бизнинг замонамизда ҳар қандай турга мансуб китобни топиш мумкин. Агар сиз излаган китобингизни топа олмасангиз, бу ўша мавзуда ўзингиз ёзишингиз учун ажойиб имконият бўлади.
Ўқиган биринчи китобингиздан сўнг ҳеч нарса ўзгармаслиги мумкин. Аммо ҳар бир китоб вазиятга бошқа нуқтадан қарашга ўргатади. Қанча кўп китоб ўқисангиз, дунёқарашингиз шунча ўзгариб бораверади. Қаршингизда янги эшиклар очилаверади. Миянгизда янги фикрлар, ғоялар, маълумотлар пайдо бўлаверади. Сиз ўзга инсонларнинг ҳис-туйғуларини худди ўзингизникидек ҳис қила бошлайсиз. Сиз ўқиётган китоб бу кимнингдир фантазияси. Унинг ичида юрар экансиз, ўз фанта-зиянгиз пайдо бўлади ва кенгайиб боради. Сиз ўз фантазиянгизга қулоқ тута бошлайсиз. Шу йўл билан миянгиздаги тасаввур оламини янада тиниқлаштирасиз. Ўзингизни бошқача ҳис эта бошлайсиз. Билимингизни турли маълумотлар билан тўлдириб боринг. Китоб ўқиш эртами кечми, барибир, турли рангларда жилолана бошлайди.
Муаттар КАРИМОВА,
Уйчи қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи АРМ ходими.

