ЁТ ҒОЯЛАРДАН АСРАЙЛИК
Бугун дунёда содир бўлаётган воқеалар мазмунини англаб етмайдиган, замон билан ҳамнафас одимламайдиган, дин мазмунини чуқур билмайдиган ёшлар ҳар қандай тараққиёт илдизига болта уриши муқаррар. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таъкидлаганларидек, “Фарзандларимизга дунёвий ва диний қадриятлар ўртасидаги нозик муносабатларнинг моҳиятини ҳар томонлама чуқур тушунтириб беришимиз лозим”.
Бугунги кунда дунёвий тараққиётни диний таълимотларга зид деб талқин қилувчи, бу орқали муқаддас эътиқодимиз номига эскилик, қолоқлик суратини олиб киришга интилаётган айрим мутаассиб кучларнинг борлиги, улар ҳали онги ҳам шаклланиб улгурмаган ёшларга ана шундай хато дунёқарашни сингдиришга уринаётганлиги, таассуфки, ҳақиқат. Аксарият террорчилик, диний экстремистик кучлар фаолиятини жамиятнинг энг фаол қатлами саналган ёшларга таянган ҳолда амалга оширмоқда. Бунга ана шу ташкилотларнинг ҳаракат дастури, номланишининг ўзи ҳам далил бўла олади. Масалан, “Ашшабаб” деб номланувчи террористик ҳаракатнинг номи арабчадан таржима қилинганда “ёшлар”, “ўспиринлар” деган маънони англатади. Ёки “Ал-қоида” диний ташкилотининг ёш болалардан иборат “Туюр ал-жанна”, яъни “Жаннат қушлари” деб номланувчи бўлинмаси мавжуд. Диний ташкилотларнинг бундай номланиши улар ўз ҳаракатларини амалга оширишда ёшлардан қурол сифатида фойдаланишини яшириб ҳам ўтирмайди.
Бугун дунёда ҳаётнинг оқ-қорасини танимайдиган, қўлига қалам эмас, қурол тутаётган фарзандларнинг борлиги ачинарли, албатта. Минг афсуски, улар манфур кишиларнинг жирканч ҳаракатлари сабаб мактаб ўрнига жанг майдонларида бегона ўқнинг таъқибидан жон сақлаб, кун ўтказишга мажбур. Ён-беримизга қарайдиган бўлсак, қўшни давлатларда юз бераётган бундай манзараларнинг нақадар аянчли эканлигига амин бўламиз. Шу ўринда бир савол туғилади: бу болалар эртага ким бўлиб вояга етади? Ниманинг эвазига рўзғор тебратади? Қайси касбнинг бошини тутади? Бу саволларга ҳеч ким жавоб беролмаслиги аниқ.
Кимлар учундир муқаддас бўлган дин ва ундаги илоҳий тушунчалар манфур кимсалар учун ўз мақсадлари йўлидаги бир восита, холос. Ёшларнинг мана шундай ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишига, асосан, 10-12 ёшгача тарбия топган муҳит сабаб бўлар экан. Гап шундаки, улар теварагида бўлаётган ҳодисаларни яхши ёки ёмон тарафларга ажратмай, табиий ҳол сифатида қабул қилади.
Ёшларимизда ёвуз хуружларга қарши куч – иммунитет шаклланса, уларга ҳеч қандай таҳдид ўзининг зарарли таъсирини ўтказа олмайди. Ёшлар келажагимиз, уларни ёт ғоялардан асраш сизу бизнинг энг муҳим бурчимиздир.
Сайёра АҲМАДАЛИЕВА,
25-мактаб ўқитувчиси.

