ЧИНАКАМ БАХТ

Ҳаётимиздаги яна бир сермаҳсул давр – 2017 йилни кузатдик. Хоҳлаймизми-йўқми, эски йил ҳеч қачон энди ортга қайтмайди, тарихга муҳрланади. Энди фақат ўйларимизда, хаёлларимизда қайтади, холос.

Умр ўзи шундай ажиб бир формула асосида тузилган. Қалби эзгуликка лиммо-лим, кишиларга яхшилик улашиш фикри билан яшайдиган инсонга ҳар бир йил ўзига хос туҳфа, ҳадя инъом этади. Буни гоҳ пайқайсиз, гоҳида йўқ. Пайқамай қолишингиз айбингиз эмас. Фақат қилаётган эзгу амалингиз учун жавоб қайтишини кутмайсиз, миннат қилмайсиз, ҳисобини олмайсиз.

Кузатаётган йилимиз ҳам қанчадан-қанча бисотидаги «сепи»ни барчамиз билан баҳам кўрди. Ҳаётида ҳеч бир ўзгариш содир бўлмаган киши ҳам бир мулоҳаза юритсин. Дўстларимиз, яқинларимиз, оиламиз даврасида гурунглашиш, ширин суҳбатлар қуриш, икки луқма таом, икки хўплам чойни бирга баҳам кўриш насиб этди. Осуда тунлари ором олиб, сокин тонгларни қарши олдик. Хуш кайфият билан ишхонамизга отландик, кечқурун оиламиз бағрига қайтдик… Мана шуларнинг ўзи чинакамига бахт эмасми?

Бас, шундай экан, бизни чинакам бахт билан сийлаган эски йилни тантанавор кузатайлик, унга муносиб қўл силкиб қолайлик: «Хайр, 2017 йил!»

Абдул ҲАКИМ.