АРМИЯМ – ФАХРИМ МЕНИНГ
Ҳар бир йигит ёшликдан аскарлик либосини кийиб, қўлига қурол олиб, Ватан ҳимоячиси бўлишни орзу қилади. Бу орзу уни юрти, ота-онаси, тенгдошлари олдида масъулиятли, юксак маънавиятли комил шахс бўлишга ундайди. Ўз устида ҳар доим ўқиб-изланишни, спорт билан шуғулланишни талаб этади.
Мен ҳам ўз орзу-мақсадимга эришиб, Ўзбекистон МХХ чегара қўшинлари сафида йигитлик бурчимни ўтаб, қайтдим. Қисм командири, зобитларининг буйруқ ва топшириқларини сўзсиз бажариб, жанговар ўқув машғулотларида фаол иштирок этганлигим учун “Ташаккурнома”, миннатдорчилик хати ва бир неча марта фахрий ёрлиқлар билан тақдирландим. Натижада Юртбошимизнинг олий ўқув юртига кирувчилар учун белгиланган 27 фоизли имтиёзли йўлланмасини қўлга киритдим ва шу йили НамДУ талабаси бўлишдек бахтга мушарраф бўлдим.
«Армия – ҳаёт мактаби», -деб бежиз айтилмаган. У ҳар бир йигитнинг юртига, халқига, оиласига бўлган меҳр-муҳаббатини янада кучайтиради, улар олдидаги бурч ва масъулиятини чуқурроқ англашга, ҳис этишга ўргатади, иродасини мустаҳкамлайди, жисмонан ва руҳан бақувват қилади.
Бугун ҳарбий хизматга отланаётган йигитларга Ватан ва халқимиз олдидаги бурч ва масъулиятини чуқур ҳис этиб, буюк аждодларимизга хос ватанпарварлик анъаналарини садоқат билан давом эттиришда, она юрт тинчлиги, эл осойишталигини таъминлашдек шарафли ишда омадлар тилаб қоламан.
Шукуржон ТЎХТАСИНОВ,
НамДУ ижтимоий-иқтисодий факультетининг тарих йўналиши 1-босқич талабаси.

