АЛП ЎҒЛОН ВАТАН ПОСБОНИДИР

Ватанга муҳаббат, аввало, инсоннинг ўз уйи, оиласи, маҳалласи ва яқинларига бўлган меҳр-муҳаббатидир. Бу ришта энг юксак инсоний фазилатлардан ҳисобланади.

«Ватанни севмоқ имондандир», -дейди доно халқимиз. Бизнинг ислом дини – инсонпарвар, ватанпарвар, миллатпарвар дин. Шунингдек, инсоний туйғу ва қадриятларни улуғлайди ва бандаларни ана шу тамойиллар асосида яшашга чақиради.

Ўтган улуғлардан бири Ибн Халдун «Ватан – бу инсоннинг туғилиб ўсган ери, унинг гўдаклик чоғиданоқ меҳр қўйган ўчоғидир», -дея таъкидлаган. Пайғамбаримиз (САВ) Маккадан Мадинага кетар чоғида Макка чегарасига етганларида орқаларига қараб: «Эй, туғилган она юртим, агар ўз қавмим мени мажбур қилмаганида, сени тарк этмас эдим», -дея айтгандилар.

Ватанни ҳар қандай хавфдан ҳимоя қилиш, турли хил бўҳтону туҳматлардан асраб-авайлаш, унинг равнақи ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиш ҳар бир мусулмон учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Пайғамбаримиз (САВ)дан Саид ибн Зайд (РА) шундай ҳадисни келтиради: «Молини, жонини, динини ва аҳлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳид мақомидадир». Ушбу ҳадисда санаб ўтилган мол, жон, дин ва оила инсоннинг бутун ҳаётини ташкил этса, ана ўшалар ўзида Ватанни ифода қилади.

Шариатимиз манбаларида Ватанни ҳимоя қилиш барчага баробар буюрилган амал, деб белгилаб қўйилган. Демак, ҳар бир инсон ўз Ватани учун, керак бўлса, жонини фидо қилиши лозим.

Дарҳақиқат, Ватан ҳимояси машаққатли бўлса-да, аммо савобли амаллардан ҳисобланади. Пайғамбаримиз (САВ): «Аллоҳ йўлида қўриқчилик қилиш минг кунлик рўза тутиш ва минг кеча қоим туришдан яхшидир», деган эдилар. Ватан ҳимояси йўлида ухламасдан пойлоқчилик қилган кўзлар эгасини дўзах оташи ҳам куйдирмас экан. Бу хусусда Ибн Аббос (РА) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (САВ): «Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас: бири бу Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган, иккинчиси – Аллоҳ йўлида пойлоқчилик қилиб, ухламаган кишини», -деб марҳамат қилганлар.

Жаҳонда бўлаётган воқеа-ҳодисаларни кузатиб, ҳақиқатан ҳам, бизнинг юртимиз Ҳақнинг назари тушган маскан эканлигига ишонч ҳосил қилмаслик мумкин эмас. Яратганга беҳисоб шукрлар бўлсинки, тинчлик, хотиржамлик ҳукм сурган озод ва обод Ватанда яшаймиз. Юртимиз тинч, ҳаётимиз тўкин ва фаровон. Аллоҳнинг инояти билан халқимиз хотиржам экан, мана шу тинчлик ва хотиржамликнинг қадрига етишимиз керак. Қолаверса, мард ва жасур ўғлонларимиз, Ватан ҳимоячилари юртимиз сарҳадларини қўриқлашда ҳамиша сергак эканликлари қалбимизга хотиржамлик солади. Сизу бизнинг тинчлигимизни сақлаш йўлида ўз оиласидан узоқда бўлса-да, кеча-ю кундуз тиним билмай сарҳадларимизни ҳимоя қилиб, қийинчилик ва машаққатларни енгиб ўтаётган Ватанимиз ҳимоячилари ҳамиша омон бўлишсин.

Аллоҳ гўзал ва обод юртимизни турли бало ва офатлардан, ёмон кўзлардан асрасин. Ватанимиз тинчлиги, осойишталиги ва ҳимояси йўлида хизмат қилаётган ҳарбийларимизни ўз паноҳида сақласин.

Исроилхон ҚИРҒИЗБОЕВ,

туман бош имом хатиби.