ИҒВО ВА ФИТНАДАН АСРАНГ

Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, бугунги кунда орамизда омма эътиборини ўзига жалб қилиш, турли иғво ва ҳақиқатга зид маълумотлар тарқатиб, одамларни тўғри йўлдан оздиришга уринаётган айрим кимсалар борки, уларнинг бундай хатти-ҳаракатлари динимизга зид, одамларни залолатга бошловчи уринишлар эканлигини ҳар биримиз яхши англаб олишимиз лозим.

Ахборот тарқатиш, интернет ўта ривожланган айни кунда кишининг онгини заҳарловчи маълумотларнинг салбий таъсирларидан сақланиш, айниқса, ёшларни ана шу таҳдиддан сақлаш долзарб масалалардан бирига айланмоқда.

Кўпчилигимиз биламизки, интернет орқали ёшлар онгини заҳарлашга уринаётган гуруҳлардан бири “Ҳизбут-таҳрир” экстремистик оқимидир. Бу оқимга Тақийиддин Набаҳоний исмли шахс асос солган. У ўзининг фаолияти мобайнида ислом динига бутунлай бегона бўлган манбаларни тарқатиб, динимизга зид иғво ва фитналарни ёйган. Унинг мақсади ислом динига зарар етказиш, мусулмонлар орасига нифоқ солиш, тинчлигимиз ва эркинлигимизга раҳна солишдан иборатдир.

Бу фирқанинг, ёвуз ниятли кимсаларнинг залолатларидан халқни огоҳ қилиш эса қалбида имони бор ҳар бир кишининг зиммасидаги бурч бўлмоғи лозим. Абу Али Ад Даққоқ (РА): «Ҳақ сўзни айтишдан сукут қилган киши соқов шайтондир», -деганлар.

«Ҳизбут-таҳрир» аъёнлари ўзлари яратган манбалар орқали нақадар жоҳил ва ақлсиз эканликларини намойиш этадилар. Ушбу фирқанинг «Китоб ут Тафкир» номли рисоласида муаллиф ислом ҳақида етарли ва мукаммал билимга эга бўлмаганлиги оқибатида динимиз маън этган нарсаларга кўр-кўрона фатво эшигини очишга уринади. Энг муҳими, улар гумроҳлик йўлини танлайдилар. Яъни, ислом дини ҳақида гапираётганларида Қуръони карим ва ҳадисларни ҳамда тегишли диний илмларни пухта билиш шарт эканини ўзлари ҳам англаб етмайдилар. Ваҳоланки, уларнинг манбаларида ана шу шартларнинг бирортаси топилмайди.

Кўплаб ҳадислар мисолида уларнинг даъволари бўҳтон эканлигини яққол кўриш мумкин. Хусусан, Имом ат Термизий келтирган ҳадисда шундай дейилади: «Аллоҳ таоло менинг сўзларимни эшитиб ёд олган ва эшитганидек уни бошқаларга етказган кишининг юзини ёруғ қилади». Демак, Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда келтирилган манбаларни қандай бўлса шундайлигича, уни тўғри таҳлил қилиб, одамларга етказиш лозим. Кимки уларни бузишга уринса, бу жоҳилликдан, илмсизликдан ўзга нарса эмас.

Ҳар хил мақсад ва манфаатлар йўлида, билиб-билмай динимизга, шариатимизга зид фатволар бераётганларнинг сўзларига, улар тарқатаётган бидъат ва ҳар қандай маълумотларга алданиб қолмайлик. Бунинг учун ҳамиша ҳушёр ва огоҳ бўлайлик. Ана шундай разил кимсаларнинг сўзига ишониб, залолат ботқоғига ботиб қолишдан сақланайлик.

Акрамжон КАМОЛИДДИНОВ,

«Ҳидоя» ўрта махсус билим юрти талабаси.