СЕВМАЙ БЎЛМАС БУНДАЙ ВАТАННИ

14 январь. Нонуштадан сўнг телевизорда янгиликларни кўриб ўтиргандим. Қадрдон дўстлардан бири қўнғироқ қилиб, байрам билан табриклади. Бироздан сўнг шогирдлардан бири телефонда қутлов юборди. Сўнг жажжи набиралар чуғурлашиб кириб келишди, «Баййамингиз мубойак, бобо!» – дейишди. Қалбим тўлқинланди, кўзимга ёш қалқиди…

***

Ватан ҳимоячилари куни. Истиқлол кашф этган байрам!

Ватан ҳимоячиси деганда, кўз олдимизга шонли Қуролли Кучларимизнинг арслон келбатли, «оёғи ерга тегмас» ёвқур йигитлари келади. Ўшалар борлиги учун ҳам тинч-хотиржам яшаяпмиз.

Истиқлол йилларида эрк ва бахтимизни кўролмаган ғанимлар, ватанфурушлар бир неча бор хуруж қилиб кўришди. Алпомишни пир тутган, Мангубердидан сабоқ олган, Темурнинг руҳи қўллаган баҳодир фарзандларимиз зарбидан ер тишладилар. Ғанимлар бу Ватанда томири теран, ўтмиши буюк, бугуни фаровон, келажаги порлоқ халқ яшаётганини, унинг ўғлонларига тарихда ҳам, бугун ҳам, келгусида ҳам ҳеч ким бас келолмаслигини билмас эдилар.

***

1994 йил. Мустақиллигимизга эндигина 3 йил бўлган, қарама-қаршиликлар, иқтисодий ва ижтимоий муаммолар кўпайган бир даврда Биринчи Президентимиз И.А.Каримов Германияга давлат ташрифи билан борган эдилар. Хорижий мухбирлар бу муҳтож давлат раҳбари бу ерга иқтисодий ёрдам сўраб келди, деган фикрда: «Германияга сафарингиздан нималар кутяпсиз?», «Қандай мақсад билан келдингиз?» қабилидаги саволлар беришди. Муҳтарам Юртбошимиз очиқ ва лўнда қилиб: «Мен немисларга Ўзбекистонни таништиргани келдим», -деб жавоб берган эдилар. Ислом Абдуғаниевич қаерга борсалар, кимлар билан учрашсалар, Ўзбекистоннинг буюклигини, унинг халқи ҳеч кимдан кам эмаслигини тантанавор суратда намоён этдилар. Мана, Ватанни, унинг шаън-шавкатини ҳимоя қилишнинг олий намунаси!

***

Азизим! Мен юқорида Ватан ҳимоячилари байрами билан табриклашганларини айтиб ўтдим. Мени табриклашди. Демак, мен ҳам Ватан ҳимоячиси эканман-да. Мен ҳарбий хизматда бўлмаганман, сарҳадларимизни қўриқламаганман. Аммо шу Ватан бағрида ўсиб-улғайдим. Ярим асрдан зиёд вақт давомида қўлимдан қандай эзгу иш келса, шу Ватан ва унинг халқи учун бажардим. Ватан далаларида кетмон чопдим, муаллим бўлиб, ёшларга таълим-тарбия бердим, улар қалбида Ватан туйғусини шакллантириш учун саъй-ҳаракат қилдим. Бу ишларни ҳозир ҳам давом эттиряпман, демак, мен ҳам Ватан ҳимоячисиман.

Биродар! Сиз ҳам шундай ишлар қилгансиз. Боғингизга кўчат, кўчангизга гул ўтқазгансиз. Бирор муассасада ҳалол меҳнат қилгансиз, фарзандлар тарбиялагансиз, шу юрт одамларига яхшиликлар қилгансиз. Демак, сиз ҳам ватанпарварсиз. Кимни-ки қалбида шу Ватан, шу эл учун заррача меҳр, ҳурмат ва эътиқод бўлса, у ватанпарвардир. Барчамизга байрам муборак бўлсин!

Ўринбой МЎМИНОВ.

Давоми бор.