МАРДЛИК ВА ЖАСУРЛИККА УНДАБ…
Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти вилоят кенгаши тасарруфидаги Уйчи туман ўқув спорт техника клуби томонидан ташкил этилган тадбирлар ёшларимизда ватанпарварлик туйғуларини янада жўш урдирди

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 26 йиллиги ҳамда «Ватан ҳимоячилари куни» мамлакатимизда ватанпарварлик, она юртга садоқат, мардлик ва жасурлик каби эзгу қадриятларни, халқимизга, буюк аждодларимизнинг муносиб ворисларига хос бўлган юксак фуқаролик фазилатларини ўзида мужассам этадиган том маънодаги умумхалқ байрамига айланди.
Истиқлолнинг илк йиллариданоқ мамлакатимиз мудофаасини таъминлаш масаласи давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб олинди.

Ўтган давр мобайнида ҳаётга татбиқ этилган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлигини, сарҳадларимиз дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган, ҳаракатчан, замонавий талабларга жавоб берадиган, яхши тайёргарликка эга армиямиз шаклланди. Қуролли Кучларимизни ташкил этиш ҳамда бошқаришнинг мутлақо янги тизими вужудга келди, унинг сафини тўлдириш такомиллаштирилди.
Бугунги кун ҳарбийлардан нафақат жисмоний тайёргарликка, балки юксак ақл-идрок, интеллектуал салоҳият, алоҳида руҳий-маънавий хусусият ва фазилатга эга бўлишни, ахборот-компьютер технологияларининг сир-асрорларини пухта билишни тақозо этади. Ушбу жиҳатлар мамлакатимиздаги ҳарбий қисмлар, сержантлар тайёрлаш мактаблари, олий ҳарбий таълим муассасаларидаги ўқув жараёнларида алоҳида эътиборга олинган.
Мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, армия ва халқ бирлигини таъминлаш борасида жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг ролини ошириш бўйича ишлар бутунлай янги сифат босқичига кўтарилди.

Муҳтарам Юртбошимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Шавкат Миромонович Мирзиёев бошчиликларида Қуролли Кучларимизда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, Ўзбекистон миллий армияси жадал ривожланмоқда, унинг жанговар қобилияти ва тайёргарлиги изчил ошиб бормоқда, мамлакатимизнинг мудофаа қудрати мустаҳкамланмоқда, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаёти таъминланмоқда. Алоҳида эътироф этиш керакки, аввало, ташқи сиёсатимизнинг мослашувчанлиги ва очиқлиги, қўшниларимиз билан дўстона ва амалий муносабатларни ривожлантириш, Ватанимиз мустақиллиги ва суверенитетини сақлаш энг устувор вазифа экани ҳақидаги принциплар асосида Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси янгиланган ҳолда қабул қилинди. 2017 йилда Миллий гвардия ва Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси ташкил этилди.
Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти вилоят кенгаши тасарруфидаги туман ўқув спорт техника клубимиз томонидан 14 январга қадар ташкил этилган «Ватанпарварлик ойлиги» бу йил ҳам юксак уюшқоқликда ўтказилди. Таълим муассасалари, ҳарбий қисмда турли тадбирлар, давра суҳбатлари уюштирилди.


Уйчи саноат, транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежидаги «Ватан содиқ фарзандларини унутмайди» мавзусидаги байрам тадбири унутилмас ва эсда қоларли бўлди. Уни туман ҳокимининг ўринбосари А.Раҳматов очди. «Ватанпарвар» ташкилоти вилоят кенгаши раиси А.Алоходжаев, Республика маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари в.б. М.Убайдуллаев, тарғиботчи Б.Исҳоқовларнинг мулоҳазалари, пойтахтдан ташриф буюрган таниқли актёрларнинг самимий тилаклари, туманимиздаги ҳарбий қисм аскарларининг кўргазмали чиқишлари барчага манзур бўлди. Шунингдек, тадбирда ҳамкор
ташкилотлар – туман мудофаа ишлари бўлими, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман кенгаши, туман маданият бўлимидан ҳам

вакиллар қатнашдилар. Қўшни Поп, Чуст туманларидан хизмат даврида ҳалок бўлган ҳарбийларнинг оилалари, фарзандлари таклиф этилиб, уларга эсдалик совғалари топширилди. Жумладан, туманимиздан Исоғжон Ражабов фарзандларига совғалар тақдим қилдик.
Туман ҳокимлигида бўлиб ўтган тантанада Уйчи ЎСТКнинг фаол иштироки таъминланди. Туманимизда истиқомат қилувчи ҳарбий хизматчилар, иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳамда меҳнат фахрийларидан бир гуруҳига байрам совғалари топширилди. Байрам муносабати билан ёрқўрғонлик иккинчи гуруҳ ногирони Мавлудахон Ҳамидова, 14-мактаб ўқувчиси Авазбек Назиров, ташкилотимизда кўп йил ишлаган Аҳмаджон Мирзакаримов, Ураимжон Исмоиловларга озиқ-овқат, кийим-бош, эсдалик совғалари берилди.
14 январь куни туманимизда жойлашган ҳарбий қисмда байрам ғоятда кўтаринки руҳда ташкилланди. Туманимиз ҳокими Абдуғани Турдиев, туман ҳокимининг ўринбосари Ҳамидулло Абдуллаев ҳарбий хизматни ўтаётган аскарлар, шартнома асосида хизматни давом эттираётганлар, сержантлар ва уларнинг оила аъзоларини айём билан самимий табриклаб, байрам совғаларини топширдилар. Ғайрат педагогика коллежи ўқувчиларининг концерт дастури хуш кайфият бағишлади.
Тадбирларни ташкиллаштиришда туман ЎСТКнинг маънавият ва ҳарбий ватан-парварлик тарғиботи бўйича бошлиқ ўринбосари Исроил Абдураҳмонов, ўқитувчи Шоҳрухбек Бойдадаевлар
жонбозлик кўрсатишди.
Исмоил МАВЛОНОВ,
туман ЎСТК бошлиғи.
***
Уйчи қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида «Армиям – фахрим» деб номланган тадбирни ўтказишда ёшлар иттифоқи етакчиси К.Абдулҳамидова фаоллик кўрсатди. Тадбирга тумнимиздаги ҳарбий қисмдан зобит ва аскарлар ҳам таклиф этилди. Ҳарбий хизматчи Ш.Хушбоқовнинг аскарлар ҳаёти, кундалик фаолиятига доир берган маълумотлари йигитларни бефарқ қолдирмади. 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабининг «Ниҳол» дастаси аъзолари жозибали рақслари билан барчани мамнун қилишди.
Тадбир давомида мазкур коллеж ўтган ўқув йилида барча кўрсаткичлар бўйича вилоятимиздаги 118 та касб-ҳунар коллежи ўртасида 7-ўрин, туманда 1-ўринни қўлга киритгани алоҳида эътироф этилди.
***
Муҳсинжон Жўрабоев, Миршоид Ҳафизхонов, Улуғбек Собиржонов 21-мактабнинг ёш ватанпарварларидан. Улар устозлари – чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси
Ҳайитбой Жалоловга яқин кўмакчи. Мактабда спорт мусобақалари, турли тадбирларни ташкил этишда ёрдамлашишади. «Ватан ҳимоячилари куни»га бағишлаб 8-10-синфлар ўқувчилари ўртасида ўтказилган ҳарбий саф, жанговар тайёргарлик, тош кўтариш, арқон тортиш каби беллашувларда 10-синф ўқувчилари устунлик қилишди.
***
Уйчи спорт коллежидаги «Ватан ҳимояси йўлида хизмат қилиш энг олий саодатдир» мавзусидаги байрам тадбирида туманимиздаги ҳарбий қисм, туман мудофаа, ички ишлар бўлимларида фаолият кўрсатаётган ходимлар қатнашдилар. Туман ҳокимининг ўринбосарлари Аҳмаджон Раҳматов, Нафисахон Мамасолиева, туман ЎСТК бошлиғи Исмоил Мавлонов, «Наманган ҳақиқати» газетаси мухбири Носиржон Деҳқонов йиғилганларни айём билан қутлашди. Меҳмонларга туман ЎСТКнинг байрам совғалари топширилди.
Туман ҳокимлиги, Ўзбекистон ХДП вилоят, туман кенгашлари, туман ЎСТК, Уйчи спорт коллежи ҳамкорлигидаги мазкур тадбирда чегарачи ҳарбийлар, коллежнинг «Шунқорлар» жамоаси, спортчи қизлари саҳна кўриниши, кўргазмали чиқишлар намойиш этдилар.
Бобурмирзо МИРЗАХОЛОВ.

