ЮКСАК ИНСОНПАРВАРЛИКНИНГ АМАЛДАГИ ИФОДАСИ

Халқимизга хос бағрикенглик, юксак инсонпарварлик фазилатларини ўзида ифода этган Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан афв этиш тўғрисида»ги Фармонига асосан, салкам 2700 нафар юртдошимиз жазони ижро этиш муассасаларидан ўз уйи, оиласи бағрига қайтди. Уларнинг оналари, аёллари, фарзандлари қалби шодликка тўлди. Ана шундай хонадонларнинг ҳар бирида давлатимиз раҳбари ҳаққига дуолар қилинди.

Мазкур Фармонга асосан, афв этилганлар орасида яшаш жойи ва жазони ижро этиш муассасасидан ижобий тавсиф берилган, қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлиб, тўғри йўлга қайтган 18 нафар ҳамюртимиз ҳамда уларнинг оила аъзолари туман ҳокимлигида қабул қилинди.

Қабулда туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Илҳомжон Сатторов, вилоят маъмурий суди раиси Салоҳиддин Турсунов, вилоят жиноят ишлари бўйича суди раиси Давлатмирза Комилов, вилоят иқтисодий суди раиси Сарвар Раҳмонов, фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди судьяси Ойбек Исаханов ҳамда бошқалар жамиятимизда юз бераётган ўзгариш ва янгиланишларнинг фаол иштирокчиси бўлиши учун жазони ижро этиш муассасаларидан афв этилаётган шахсларга Президентимиз томонидан кенг имконият берилаётгани, кўникма маркази томонидан моддий ёрдам кўрсатиш, профилактик ҳисобга қўйиш, уларни тиббий кўрикдан ўтказиш, касаллиги аниқланган тақдирда, тиббиёт муассасаларида даволанишига, шахсини тасдиқловчи бирор ҳужжатини йўқотганда, уни қайта тиклашга, бандлигини таъминлашга ва шу каби бошқа ҳаётий масалаларда муаммоларига мутасадди идоралар томонидан яқиндан кўмак берилиши ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтишди.

Шунингдек, судьялар жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги вазифаларга тўхталдилар.