ФАРЗАНДЛАРИМИЗ БАХТЛИ ВА ТИНЧ ЯШАШСИН
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам оилавий можаролар, қўни-қўшнилар ўртасидаги оддий келишмовчиликлар оғир жиноятларга сабаб бўлаётгани, бунда жойлардаги мутасаддилар шу йўналишда етарлича иш олиб бормаётганини қатъий танқид остига олинган эди.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, рўй берган қотилликлар оила-турмуш муносабатлари доирасида, қариндошлар ўртасидаги келишмовчиликларга барҳам берилмаганлиги оқибатида юзага келган. Янада аянчлиси шундаки, жиноятга қўл ураётганларнинг кўпчилиги ўз иш жойига эга эмас.
Давлатимиз раҳбари ҳам айнан шу мақсадни амалга оширишни, мутасаддиларнинг ҳар бир хонадонга кириб бориб, муаммоларни ечиш устида бош қотиришини талаб қилмоқда. Бу эса жиноятчиликнинг олдини олишдаги энг муҳим омилдир.
Жойларда нотинч оилаларни аниқлаш ва уларга тўғри йўл кўрсатиш, ёш оилалар мустаҳкамлигига кўмак бериш ҳам барчамизнинг олдимизда турган долзарб вазифадир. Чунки ажрим бўлаётган аксар оилаларда фарзандлар етим қолмоқда. Тўлиқ бўлмаган оилаларда ўсаётган болалар кўп вақт эътибордан четда қолиб, натижада жиноятчиликка қўл ураётгани сир эмас. Ёки ота-оналарнинг ҳо-ю ҳавасга берилиб, пул топишнинг кетидан қувиб, фарзандлар тарбиясини фақатгина едириб-ичириш ва яхши кийинтиришдан иборат, деб ўйлаб қолаётгани ҳам ёшларимизнинг турмуш қийинчиликларига дош беролмаслигига, натижада яна ажримлар кўпайишига олиб келмоқда. Шу билан биргаликда, турли урф-одатларни ўйлаб чиқариш, оилада отанинг ўрни йўқлиги, баъзи оналарнинг ёшлар ҳаётига мунтазам аралашиб, уларнинг ажралиб кетишига сабаб бўлаётганлигидан ҳам кўз юмиб кета олмаймиз. Буларнинг барчаси жамиятимизнинг маънавий ҳаёти дарз кетишига олиб келади. Келгусида фарзандларимиз бахтли яшашсин, тинч ва фаровон ҳаёт кечиришсин, десак, айнан шу каби салбий иллатларга қарши ҳозир курашни бошлашимиз керак.
Зумрат ҚОРАБОЕВА,
туман ФҲДЁ бўлими мудири.

